Ўзбекистон | 19:00 / 22.07.2022
12247
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт университетида коронавирусга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган тиббиёт ходимлари шарафига мемориал мажмуа очилди

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Коронавирус пандемияси дунё аҳолиси учун катта синов бўлди. Бу даврда ҳатто энг ривожланган мамлакатлар ҳам кўплаб муаммоларга дуч келди. Шундай оғир дамларда тиббиёт ходимлари инсониятнинг жонига ора кирди. Ўз ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, хавфли вирус билан курашга отланди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

CОVID-19 пандемияси даврида халқимиз саломатлиги йўлида жонини фидо қилган барча тиббиёт ходимлари шарафига Самарқанд давлат тиббиёт университетида очилган мемориал мажмуа уларга бўлган эҳтиромнинг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Вазир ўз сўзида коронавирус пандемиясига қарши курашда тиббиёт ходимларининг меҳнати ва кўрсатган қаҳрамонликлари, халқимиз саломатлиги йўлидаги фидойи меҳнати барча учун юксак ибрат намунаси бўлганини таъкидлади.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Университет ректори Жасур Ризаев ўз сўзида пандемия билан курашда жонини жабборга бериб халқимиз саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилган, ҳаёт билан видолашган олийгоҳ ходимларини эслади, “Оқ халатли қаҳрамонлар”нинг кўрсатган матонат ва жасорати халқимиз қалбида мангу қолишига ишонч билдирди.

Хотира барельефининг тантанали очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар Самарқанд давлат тиббиёт университетининг янги биносидаги фундаментал тиббиёт кафедралари, ўқув-амалий лабораториялар, талабалар инновацион-инкубатор маркази имкониятлари ҳамда университет тарихи музейи билан яқиндан танишиб, бу ерда талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун яратилаётган шароитларни юқори баҳолади.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Самарқанд давлат тиббиёт университети маъмурияти томонидан CОVID-19 коронавирус пандемиясига қарши курашда тиббиёт ходимлари меҳнати ва кўрсатган қаҳрамонликлари, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз саломатлиги йўлида тун-у кун меҳнат қилаётган шифокорларимиз учун “Спасибо доктор!” қўшиғи ижро этилган эди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид