Жаҳон | 12:23 / 23.07.2022
8313
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти Байден COVID-19’ни енгил шаклда ўтказаётгани маълум бўлди

Оқ уй маълумотларига кўра, 79 ёшли Жо Байден биринчи марта коронавирусни юқтириб олди ва ўзини яккалаш режимида ишлашда давом этиб, касалликни енгил аломатлар билан ўтказмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден коронавирус инфекциясини енгил шаклда ўтказмоқда. У ўзини яхши ҳис қилмоқда ва ишлашда давом этмоқда, дея хабар берди 22 июль, жума куни Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер. Хусусан, у маслаҳатчилар билан мулоқот қиляпти, қонун лойиҳаларини имзолаяпти ва махсус хизматларнинг кундалик брифингларида қатнашяпти, деди у.

Ўша куни иқтисодий масалалар бўйича йиғилишда Байден видео-алоқа орқали ўзини «яхшироқ ҳис қилаётгани» ҳақида хабар берди. Аввалроқ даволовчи шифокорлар қайта эмланган президентда COVID-19’нинг енгил аломатлари борлиги ва у даволаш жараёнига яхши реакция кўрсатаётганини маълум қилганди.

79 ёшли Байденнинг 21 июль куни пандемия бошланганидан бери коронавирус учун топширган тестида биринчи марта мусбат натижа чиқди. У Оқ уйда ўзини ўзи яккалаш режимида бўлиб турибди ҳамда вирусга қарши дорилар билан даволанмоқда. Унинг тести манфий бўлиши биланоқ у одатдагидек ишга қайтишни режалаштирмоқда, бу ҳақда қўшимча хабар берилади.

Мавзуга оид