Комиссия буни келиб тушаётган таклифлар динамикасининг кескин ортиб кетиши билан изоҳлади. Шунингдек, комиссия раиси Акмал Саидовга кўра, муддат узайтирилиши кимнингдир кўрсатмаси билан эмас, комиссия қарори билан қилинмоқда.

Kun.uz ҳар доимгидек, ўзгартирилаётган конституция, унинг сабаблари, шунингдек, янги конституцияда акс этаётган ва этмаётган нормалар атрофидаги таҳлилларини давом эттиради.

Бу борада навбатдаги меҳмонларимиз сиёсатшунос Фарҳод Толипов, жамиятшунос Дилсора Фозилова, Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.

— Суҳбатни бошларканмиз, сизлардан 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон конституциясининг ўзгаришлари хронологияси ҳақида сўрамоқчиман. Жумладан, мана шу жараёнлар бошланаркан, қатор ҳуқуқшунос, сиёсатшунослар конституция ўзгаравермаслиги керак, бунақада қадри қолмайди деган фикрни айтган бўлса, яна айрим ҳуқуқшунослар, жумладан, комиссия раиси Акмал Саидов “конституция догма эмас”, дея бош қомус ўзгариб туриши кераклигини айтди.

Хўш, Ўзбекистон конституция китобчасидаги ўзгаришлар дунё конституцияларига солиштирилганда қанчалик тез ёки нормал дея баҳолаш мумкин?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:

Конституция давлат фаолиятида асосий қомус дейилади. У ўз номи билан асосий қомус бўларкан, яхши маънода қотиб турадиган ҳужжат бўлиши керак.

Бу ислоҳотлар бошланаркан, конституция догма эмас, деган ибора ишлатилди. Мен бу иборани жуда эҳтиёткор ишлатган бўлардим, чунки конституция яхши маънода догма бўлиши ҳам керак. Ҳа, у доимий ўзгармас бўлмас, лекин кўп йил ўзгармай хизмат қилиши ҳам керак. Қонунларга тез-тез ўзгартиришлар киритиш ёки бутунлай бекор қилиниши мумкин. Чунки сиёсий, ижтимоий жараёнларда ўзгаришлар бўлиб туради.

Қайтараман, конституция узоқ йиллар ўзгаришсиз хизмат қиладиган ҳужжат. Унга киритиладиган ўзгаришларга эса узоқ йиллар тайёргарлик кўрилиши ва бунга жиддий асос ва далиллар бўлиши керак.

Фарҳод Толипов