Жаҳон | 08:42
483
2 дақиқада ўқилади

Bild ва Stern Мерцнинг эҳтимолий ворислари ҳақида ёзди

Германия канцлери Фридрих Мерц атрофидаги манбалар уни канцлерлик лавозимидан муддатидан аввал четлатишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Улар бундай маълумотларни “мутлақо асоссиз тахминлар” деб атаган.

Фото: dw.com

Dpa агентлиги хабар беришича, Мерцга яқин манбалар бу каби гап-сўзлар “конституция ва сиёсий воқеликни билмаслик” ҳамда “хавфли тарзда можаро қўзғатишга мойиллик” белгиси эканини таъкидлаган.

Уларнинг фикрича, бундай миш-мишлар Германиядаги ўта ўнг “Германия учун муқобил” партияси манфаатларига хизмат қилади ҳамда ички ва халқаро инқирозлар фонида сиёсий марказ нуфузига путур етказади.

Аввалроқ Stern журнали ва Bild газетаси Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) партиясида Фридрих Мерцни ваколат муддати тугашидан олдин алмаштириш эҳтимоли муҳокама қилинаётганини хабар қилган эди. Нашрлар маълумотига кўра, эҳтимолий номзодлар сифатида Шимолий Рейн — Вестфалия ҳукумати раҳбари Хендрик Вюст, Бавария бош вазири Маркус Зёдер ҳамда ХДИ/ХСИ парламент фракцияси раҳбари Йенс Шпан тилга олинган.

Dpa агентлиги қайд этишича, амалдаги канцлерни алмаштириш Германия конституцияси нуқтаи назаридан анча мураккаб сиёсий жараён ҳисобланади. Бундай ҳолатда Мерцнинг ўзи янги канцлер сайловига йўл очиши ёки партиядошлари босими остида истеъфога чиқиши талаб этилади.

Шу билан бирга, ХДИ/ХСИ ва Германия Социал-демократик партияси депутатлари янги канцлерни биргаликда сайлаши мумкин бўлса-да, бу жараён осон кечмаслиги таъкидланмоқда.

Май ойида ўтказилган Deutschlandtrend сўровига кўра, Фридрих Мерц бошчилигидаги Германия ҳукумати рейтинги коалиция иш бошлагандан бери энг паст даражага тушган. Сўров иштирокчиларининг 86 фоизи ҳукумат фаолиятидан норози эканини билдирган. Мерцнинг шахсий рейтинги эса 16 фоизгача пасайган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид