Жамият | 17:08 / 25.07.2022
12763
5 дақиқада ўқилади

Хорижда сақланаётган осори-атиқаларимиз: Самарқанддаги халқаро конгрессда янги кашфиётлар қилинди

Тобора Ўзбекистоннинг маданий пойтахтига айланиб бораётган кўҳна Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кўмагида «Ўзбекистон маданий мероси — янги ренессанс пойдевори» VI халқаро конгресси ўтказилди.

Бой маданий меросимизга оид осори-атиқаларни излаб топиш, уларни тизимлаштиришга бағишланган ушбу конгрессда кимлар иштирок этмоқда ва кўзланган асосий мақсад нима?

Конгресснинг очилиш маросими. Фото: Kun.uz

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси Рустам Жабборовга кўра, бундай анжуманлар шуниси билан аҳамиятлики, жаҳоннинг кўплаб музейлари, шахсий коллекцияларида сақланаётган қадимий осори-атиқаларимиз ҳақидаги янги маълумотлар қалқиб чиқмоқда. Жумладан, Мирзо Улуғбекнинг нефрит пиёласи ҳақидаги муҳим маълумотлар пайдо бўлган.

Рустам Жабборов. Фото: Kun.uz

Ўзбекистон маданий мероси бутунжаҳон жамиятининг VI конгресси сенсацияларидан бири — Сўғдиёнада 1311 йил муқаддам кийилган ва бугунги кунгача сақланиб келаётган чопон бўлди.

Бу жаҳонда сўғд даврига оид ягона чопон экан, бошқалари бизнинг давримизгача етиб келмаган. Чопоннинг енгларида, оёқлари остида ҳаёт дарахти бўлган қанотли тулпорлар тасвирланган. Чопон матосининг яшил, қизил, кўк ва оч малла ранглари, медальонлар кўринишидаги нақшлари ҳалигача билинади.

Куала-Лумпур музейида сақланаётган сўғдча чопон

Бу мўъжаз артефакт ҳақида у сақланаётган Куала-Лумпурдаги Малайзия ислом маданияти музейи бош куратори Хеба Найел Баракат сўзлаб берди. Шуниси эътиборлики, Самарқанддаги Афросиёб вайроналари деворларида айнан шундай чопон кийиб олган инсонлар гуруҳи тасвирланган фреска топилган.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташкилотчилиги, ERIEL компанияси ҳомийлигида ўтказилаётган мазкур конгрессда жаҳоннинг 35 дан зиёд давлатларидан 250 дан ортиқ тарихчилар, археологлар, музейшунослар, санъатшунослар, коллекционерлар иштирок этишмоқда, дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.

Фирдавс Абдухолиқов

Конгресс ишида кўзланган мақсадлар ҳам эришилаётган натижалар ҳамда юртимиздаги энг таниқли музей, Нукусдаги Савицкий музейи директори Тигран Мкртичевнинг фикрларига қизиқдик.

Тигран Мкртичев

«Бу тадбир Ўзбекистоннинг маданий ва илмий ривожига катта ҳисса қўшади. Чунки жаҳон музейлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ғоясининг ўзи ажойиб. У ўзбек миллий маданияти ва санъати нечоғлик бутун жаҳонда кенг тарқалганини англаш имкониятини яратади. Шунингдек, тадқиқотчиларни бирлаштириб, Ўзбекистон санъати ва тарих фани илгари қадам ташлашига хизмат қилади», — деди Мкртичев.

Қайд этилганидек, конгресс ишида хорижлик санъатшунослар ҳам иштирок этмоқда. Италиядан келган коллекционер Алберто Левининг юртимизга илк ташрифи экан.

Алберто Леви (италиялик коллекционер). Фото: Kun.uz

«Менинг ота-боболарим Эроннинг Машҳад шаҳрида истиқомат қилувчи яҳудийлардан бўлишган. Улар қадимдан Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларига карвон билан келишиб, гилам ва газламалар харид қилишган экан. Сўнг XIX асрда Италияга кўчиб кетишган.

Ўзим Эронда ҳеч қачон бўлмаганман. Ўзбекистонга ҳам илк ташрифим. Китоб-албомнинг Италиядаги маданий меросларга бағишланган қисмида мақола ҳам ёзиб бердим. Ўзбекистонга келгач, бу ернинг табиати, одамларнинг хушмуомалалиги, ранг-баранг маданий меросидан ҳайратга тушдим. Ўзим ҳануз турли антиквар, матолар, сўзаналар билан савдо қиламан. Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларимни албатта италиялик харидорларимга сўзлаб бераман», — деди Алберто Леви.

Конгресс ишининг асосий кўзга ташланган ютуғи «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида ўтган 6 йил давомида миллий осори-атиқаларимизга бағишланган 60 та китоб-албом чоп этилишидир.

Шуниси аҳамиятлики, ҳар йили мунтазам чоп этилаётган ушбу китобларда хорижлик мутахассислар маданий меросимиз ҳақида ўз фикрларини билдириб мақолалар ёзишган. Китоб-албомларда хорижий давлатларда сақланаётган осори-атиқаларимиз ҳақида батафсил маълумот берилган.

Қайд этилишича, миллий ҳамкорлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Ислом цивилизацияси маркази, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси, «Zamon Press Info» нашриёт уйи; хорижий ҳамкорлардан ICESCO, ICCN, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA) (Туркия), «Mueller&Schindler» нашриёт уйи (Австрия), Ал-Фурқон (Буюк Британия) ва бошқалар ёрдамида ташкиллаштирилган бундай анжуман ҳар йили ўтказилади ва хорижий коллекцияларда сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси намуналарига аталган китоблар ҳар йили мунтазам чоп этиб борилади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид