Жамият | 21:40 / 26.07.2022
24375
3 дақиқада ўқилади

“Университетлар бугун билим маркази эмас” — профессор Ўзбекистон университетларини 3 йиллик қилишни таклиф қилди 

Кўрасиз, яқин орада бу анъана бизга ҳам етиб келади. Талабалар иккинчи ва учинчи курслардан университетларни ташлаб кетишни бошлашади. Чунки биз билимга асосланган жамиятда яшаяпмиз. 20 йил аввал билимнинг маркази университетлар эди. Ҳозир қутблар ўзгара боряпти, дейди Азамат Акбаров.

“Boursa National” компанияси ижрочи директори, профессор Азамат Акбаров Kun.uz’га берган интервьюсида талабани тўрт йил университетда ушлаб ўтириш нотўғри эканини таъкидлаб, университетларни 3 йилликка ўзгартириш таклифи билан чиқди.

“Бир нарсани тушуниш керак, 2030 йилга бориб университетлар бажарадиган вазифа ва мақсадлар бутунлай ўзгариб кетади. Улар трансформация бўлади ва шаклини ўзгартиради. Масалан, ўша вақтга бориб оддий ўқув марказлари ҳам университет бўлиши мумкин. Чунки ўқув марказлари ҳозир бозор талаб қилган кўникма ва малакага эга битирувчини етказиб беряпти.

Яъни бугун ўқув марказлар дейлик, IT’ни ўрганишга эҳтиёжи бор инсонга бу соҳани 6 ойда ўргатиб, уни минг, бир ярим минг долларли ишга тайёр кадр қилиб етказиб беряпти. Талаба бу ҳолатни кўраркан, нима учун мен 4 йил ўқишим керак, дея ўйлай бошлайди.

1980-90 йиллардан бошлаб америкалик талабалар орасида университетларини ташлаб кетиш ҳолатлари кўпайган. Масалан, биз билган IBM, Apple, Facebook ёки WhatsApp асосчилари иккинчи, учинчи курсдан университетни ташлаб кетган. Бу қизиқишларнинг сусайишидан эмас, улар ўша муддатда ўзи истаган билимга эга бўлишди ва ўйлашдики, биз яхшиси ўз стартапларимизни давом эттирамиз.

Кўрасиз, яқин орада бу анъана бизга ҳам етиб келади. Талабалар иккинчи ва учинчи курслардан университетларни ташлаб кетишни бошлашади. Чунки биз билимга асосланган жамиятда яшаяпмиз.

20 йил аввал билимнинг маркази университетлар эди. Ҳозир қутблар ўзгара боряпти.

Мен ҳозир сизни қўрқитадиган бир мисол айтаман. Бугун университетлар интернетда бор бўлган маълумотни ўқитиб, талабадан контракт пули оляпти. Ўқитувчи интернетдан маълумотни оляпти ва уни тақдимот шаклида дарсга олиб кириб, талабага нимадир тушунтиришга ҳаракат қиляпти. Бу ҳам етмагандек, ўша нарсани тақдимотга қараб ўқиб беряпти. Керак бўлса, имло хатоликлари билан ўқиб беряпти.

Ҳозир университетлар билим манбайи ҳисобланмайди. Америкага боринг, инсонлар Силикон водийсида 7-8 ойлик курсларни битириб, катта ишларга киришяпти. Ҳеч ким улардан бакалавр дипломини сўрамайди.

Нима учун биз талабаларни тўрт йил ушлаб туришимиз керак? Европа тўлалигича 3 йиллик таълимга ўтиб бўлди-ку. Нима учун, сабаби битта – рақамли ва тезкор ривожланаётган дунёда биринчи курсда бериладиган билимлар тўртинчи курсда эскиряпти”, – деди профессор.  

Ўзбек олий таълим тизимининг бугунги оғриқли муаммоларига бағишланган суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид