Ўзбекистон | 21:19
533
5 дақиқада ўқилади

Олимлик пойгаси: бугунги тадқиқотчиларнинг мотивацияси нима?

Охирги йилларда илмий иш қилаётган, олимлик рутбасини олган тадқиқотчилар сони кескин кўпайган. Давлат ривожи учун уларнинг кўпайгани яхши, чунки тадқиқот ишлари натижасида илмий ечимлар берилади. Лекин обрў-эътибор, қўшимча даромад учун хўжакўрсинга илмий изланиш олиб бораётганлар ҳам анчагина. Kun.uzʼнинг навбатдаги суҳбатида худди шу мавзуда сўз боради ва унда қатнашганлар фикрича, ҳозирги тадқиқотчиларнинг илмий янгилиги диссертацияларда қолиб кетмоқда.

Илмий даража бу шахсларга бериладиган расмий унвон ёки таржимаи ҳолни бойитувчи маълумот эмас. Илмий даража соҳибларининг сони ортиши эса давлатда илмий салоҳият юксалаётганини исботлаши керак. Бироқ Ўзбекистонда бу жараён формаллашиб бормоқда ва асосий мақсад қўшимча обрў-эътибор, даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Kun.uz билан суҳбатлашганлардан бири, Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлари доктори Умид Холиқулов фикрича, тадқиқотчилар илмий унвон олгач ўқитувчилик билан чекланиб қоляпти ва илмий янгилигини амалда жорий қилмаяпти. Устига-устак ўқитувчиликнинг ҳам қатор топшириқлари сабаб диссертациядаги изланишлар қоғозда қолиб кетмоқда. Ўзим илмий иш қилиш учун 10 йил умримни сарфлаганман, дейди у.

Асосий муаммо вақтда эмас, ҳақиқий тадқиқотни олиб бориш керак. Яъни маълумотларни тўғри танлаш, уларни қайта ишлаш, уни тажрибада синаб кўришга вақтни тўғри тақсимлаш керак. Агар шу жараёнлар тўғри йўлга қўйилса, илмий янгиликнинг ҳаётга жорий қилиниши автоматик равишда амалга ошиб кетаверади”, дейди Холиқулов.

Дунёнинг қатор ривожланган давлатларида илмий жараёнларни университетларнинг ўзи олиб боради. Ўзбекистонда Олий аттестация комиссияси буни тартибга солади, квоталарни вазирлик белгилайди. Шу ўринда комиссиянинг вазифалари бугун қанчалик керак, деган савол ўринли.

Президентнинг илмий жараёнларни тартибга солишга мўлжалланган янги фармони билан илмий кенгашлар мустақиллиги кенгаймоқда, дейди комиссия матбуот котиби Баҳодир Жовлиев.

“Олий аттестация комиссиясининг бугунги кундаги фаолияти у диссертацияга ва илмий унвонларга қўйилаётган талабларнинг ягоналигини ва уларнинг бир хилда бутун Ўзбекистон миқёсида қилинишини таъминлашдан иборат”, - дейди у.  

Хўш, бугунги илмий тадқиқотчиларнинг мотивацияси нималар иборат: илм-фанга ҳисса қўшишми, даромадми ёки обрў-эътибор?

Профессор Холиқулов фикрича, учала турдаги тадқиқотчилар ҳам бугун кўп. ОАВ вакилларига кўра эса, очиқ ҳимоя жараёнларидан ҳамма ҳам силлиқ ўтолмайди.

“Биттагина мақолангиз кафедрада 20 та, 30 та энг зўр мутахассислар кўригидан ўтиши керак. Уларнинг олдидан ўта олмаганингиздан кейин сиз, албатта, кейинги сафар ҳимояга чиқмайсиз. Ундан кейин семинар босқичи бор, яна қўшимча босқичлар бор, очиқ ҳимоя бор. Очиқ ҳимоя жараёнларида ҳар ким ҳам оддий материални ўқиб бериб ўтиб кетишига мен шубҳа билдираман. Чунки уни нафақат амалиётда исботлаган ҳужжатлари билан, балки ўша диссертациясининг тўлиқ ичига кириб чиқмаган бўлса агар, у, албатта, ҳимоя қила олмайди”, дейди ОАК вакиллари.

Яқинда ОАВга интервю берган Ўзбекистон Фанлар академияси президенти раҳбарлар ҳам илмий иш қилаётгани, лекин аслида уларнинг бунга вақти йўқлиги ва тадқиқоти натижасида илм-фанга ҳеч қандай фойда йўқлигини айтганди. ОАК эса бунга раддия берган. Айни мавзуда сўралган саволларга суҳбат давомида ҳам ОАВ вакиллари раҳбарлар жуда яхши амалиётчи, дея жавоб қайтарди.

2010 йилга қадар ўзбекистонлик олимларнинг нашр этган мақолалари халқаро академик ҳамжамият томонидан тан олинган. 90 фоиз ҳолатда қатъий тақриз ва жиддий стандартлари бор илмий журналларда чоп этилган. 2018 йилга келиб эса, бу 2 фоизни ҳам ташкил этмайди. Мақола чиқариш мажбурияти – кераксиз журналларнинг очилиб, кўр-кўрона чиқишини таъминловчи бизнесни яратди. Хўш, мақола чиқаришдан мақсад сон бўлиши керакми ёки унда нима ёзилгани, матннинг мазмуни?

Жами 7 та мақола чиқариш керак, улардан биттаси хорижда чиқиши талаб этилади. 7 та  мақолангиз, сиз ёзадиган диссертациянгиз агар 120 бет ҳисобланадиган бўлса, диссертацияга асос ана шу мақола бўлади”, дейди ОАК матбуот котиби Баҳодир Жовлиев.

ОАК ғирром нашрлар борлигини тан олади, маълум бўлишича, ҳар йил охирида талабга жавоб бермаган нашрлар эълон қилинади.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид