Жаҳон | 15:33 / 27.07.2022
5542
3 дақиқада ўқилади

Филиппинда сўнгги йиллардаги энг кучли зилзила содир бўлди

Филиппиннинг Абра провинциясида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди. Расмийлар яқин вақт ичида зилзила яна такрорланишини истисно қилмаяпти.

Фото: Reuters

Филиппиннинг Абра провинциясида 27 июль, чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 08:43 да содир бўлган зилзила оқибатида камида уч киши қурбон бўлди. Америка сейсмология хизмати маълумотларига кўра, кучи 7 баллгача бўлган зилзила провинция пойтахти Бангед ва қўшни икки провинцияда бир нечта кўчки ҳамда биноларнинг қулашига сабаб бўлди. Худди шундай магнитудали зилзила минтақада охирги марта 2019 йилда кузатилган эди.

Айни пайтда бинолар қулаши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани, шунингдек, провинцияда 60 киши жароҳатлангани маълум. Ер силкиниши айрим жойларда йўлларни вайрон қилган, Бангед туманларининг бир қисми электр ва интернетсиз қолган. Филиппин сейсмология институти 200 га яқин кучсизроқ афтершокни қайд этган, идора бошлиғи Ренато Солидум ҳодиса такрорланишини истисно этмаяпти. Бироқ институтдан цунами ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмаган.

Ер силкинишлари зилзила ўчоғидан 300 километр узоқликда жойлашган Манилада ҳам сезилган – гувоҳларнинг маълумотига кўра, шаҳарда бир нечта кўп қаватли бинолар тебраниб кетган. Шунингдек, пойтахт шаҳарда метро ишламай қолган ва одамлар Сенат биносидан эвакуация қилинган. 

Филиппин Тинч океанининг «оловли камари»да жойлашган - сейсмик фаоллиги юқори бўлган минтақа, бу кўпинча цунами, вулқон отилиши ва зилзилаларга олиб келади. Хусусан, июль ойининг охирида Япония жанубида вулқон отилди - ушбу мамлакат ҳам камарда жойлашган. 

Бу Филиппин 2022 йил бошидан бери дуч келган биринчи катаклизм эмас - апрель ойида оролларга «Меги» тропик бўрони ёпирилди, унинг оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Табиий офат етказган зарар 264 миллион Филиппин песосига (тахминан 4,6 миллион евро) баҳоланди. Шу билан бирга, Филиппинга ҳар йили ўртача 20 та циклон ёпирилади, улардан энг ҳалокатлиси «Хайян» бўрони бўлиб, у 2013 йил ноябрь ойида 6300 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. 

Мавзуга оид