Ўзбекистон | 20:35 / 27.07.2022
18956
2 дақиқада ўқилади

Президент топшириқларини бажармагани учун жазоланган давлат хизматчилари сони айтилди

Ўзбекистонда ижро интизоми бўйича электрон тизим жорий этилган. Тизимни бошқарувчи Адлия вазирлигининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 6 ойи давомида республика бўйича 12 нафар давлат хизматчиси қонунлар ва президент ҳужжатлари талабларини бажармагани учун интизомий жазога тортилган, улардан 5 нафари лавозимидан олинган.

Фото: Тошкент молия институти

Бугунги кунда барча давлат органлари ва ташкилотларида президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш Ijro.gov.uz тизимида амалга оширилмоқда.

Адлия вазирлиги Президент ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Нўъмон Муҳаммадиевнинг айтишича, 2022 йилнинг биринчи ярмида 313 та ҳужжат (шундан 36 таси қонун, 46 таси фармон, 172 таси қарор, 9 таси фармойиш ва 50 таси баён)даги 16 599 та топшириқ Ijro.gov.uz тизимида рўйхатга олиниб, ижрога қаратилган.

“Ijro.gov.uz тизими жорий этилиши натижасида ортиқча қоғозбозликларнинг олди олинди, топшириқлар масъул ижрочиларга тезкор етказилиб, уларнинг ижроси ўз вақтида ва тўғри ташкил этилмоқда. Шунингдек, узоқ вақтлар давомида бажарилмасдан келинаётган топшириқларнинг бажарилиши таъминланиб, бу каби салбий ҳолатлар кескин камайишига эришилди.

Жорий йилнинг 6 ойида ижро интизоми бузилишига йўл қўйган жами  12 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган бўлса, 6 нафари ҳайфсан, 1 нафарига эса жарима қўлланди”, деди Нўъмон Муҳаммадиев 27 июл кунги матбуот анжуманида.

Фото: АОКА

Адлия мулозимининг қўшимча қилишича, давлат раҳбарининг 15 та соҳадаги топшириқлари ижроси ички иш режаларга асосан мониторинг ва таҳлил қилиниб, натижаси бўйича Президент администрациясига таҳлилий ахборот ҳамда маълумотлар киритилган.

Шу билан бирга, таҳлил натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда келгусида бу каби ҳолатлар такроран содир этилишининг олдини олиш юзасидан Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа идораларга 10 дан ортиқ тақдимнома киритилган.

Аввалроқ адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ижро интизоми тизими қандай ишлашини қуйидагича тушунтирган эди:

Мавзуга оид