Шавкат Мирзиёев: «Жаҳон ҳамжамияти бугун 1990-йиллардаги хатоларни қайта такрорламаслиги лозим»
Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса, Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатида айтилган.
Қайд этилишича, ўзининг янги тарихида чуқур ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келаётган Афғонистонга нисбатан дунёда эътибор сусайиб бораётгани хавотир уйғотмасдан қолмайди.
“Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 1990-йиллардаги хатоларни қайта такрорламайди, уларни четлаб ўта олади ва бу мақсадга албатта эришиш лозим.
Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар. Шу боис бундай ҳолатга йўл қўймаслик муҳимдир, чунки гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда”, деди давлат раҳбари.
Билдирилишича, ҳозирги пайтда Афғонистон муваққат ҳукумати мамлакатда тинчликни қарор топтириш бўйича муайян қадамлар қўймоқда, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга, қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
“Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз зарур. Шу билан бирга, давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиб қолмоқда.
Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз”, деди президент.
Таъкидланишича, бундай ёндашув муваққат ҳукуматга бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён-атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболлар очади.
Мавзуга оид
20:47 / 12.11.2024
“Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз” — Шавкат Мирзиёев
20:26 / 12.11.2024
Мирзиёев: Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битим имзолаймиз
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024