Ўзбекистон | 11:18 / 27.07.2022
7557
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Ўзбекистонга келяпти

Фото: Getty Images

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миллий озчиликлар бўйича олий комиссари (ЕХҲТ МООК) Қайрат Абдураҳмонов 28 июлдан 2 августга қадар расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад давлат органлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан Ўзбекистон ва МООК ваколатхонаси ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ва келгусидаги ўзаро алоқалар истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Ташриф доирасида олий комиссар Олий Мажлис, Ташқи ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида музокаралар олиб боради, мамлакатда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар маданият марказлари вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Миллий озчиликлар бўйича олий комиссар лавозими 1992 йилда ЕХҲТ масъулияти доирасида миллатлараро тотувликни таъминлаш ва турли жамиятларда ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ташкил этилган.

Олий комиссар превентив дипломатия соҳасида ташрифлар ва саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунга миллий озчиликлар ва ҳукуматлар вакиллари билан мунтазам алоқалар ва сафарлар уюштиришни кўзда тутади. 

Олий комиссар уч йил муддатга тайинланади, бир йилдан зиёд бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Қайрат Абдураҳмонов ушбу лавозимга 2020 йил декабрь ойида сайланган.

Мавзуга оид