Жаҳон | 20:07 / 28.07.2022
24627
8 дақиқада ўқилади

Нэнси Пелоси Тайванга келмоқчи. Бу нега Хитойнинг ғазабини келтирмоқда?

Хитой ҳукумати АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюриши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан ғазаб отига минди ва Вашингтонни бу сафар рўй берса, жиддий оқибатлар бўлишидан огоҳлантирди. Нуфузли америкалик сиёсатчининг ташрифи нима учун геосиёсий муаммога айланиши мумкин?

Фото: Getty Images

Оролни ва унинг ҳукуматини назорат қилмаса-да, Пекин Тайванни Хитой ҳудуди деб ҳисоблайди. Агар Пелоси август ойида Тайванга ташриф билан келиши ҳақидаги маълумот тасдиқланса, у 1997 йилдан буён АҚШга келадиган энг юқори мартабали сиёсатчи бўлади.

Хитой ТИВ Пелосининг ташрифи Хитой суверенитетига дахл қилиш деб баҳоланиши ва АҚШ бунинг учун жавобгар бўлишини айтди.

АҚШ Давлат департаменти Пелоси хонимнинг ташрифи ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқлигини, АҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсатида ўзгариш йўқлигини билдирган.

Шу билан бирга, 25 июл куни «Роналд Рейган» атом авиаташувчиси ва бошқарилувчи ракеталар жойлашган эсминец ва крейсердан иборат гуруҳ Сингапурдан чиққан ва Жанубий Хитой денгизи томон йўл олган. Америкалик ҳарбийлар кемаларнинг якуний манзили ҳақида маълумот бермаган, бироқ «агар улар шу йўналишда давом этса, Тайван бўғозига етиб боради».

Расмий дипломатик алоқалар йўқлигига қарамай, Вашингтон Тайван билан «мустаҳкам норасмий алоқалар»ни сақлаб келмоқда ва бу давлатга ҳарбий-техник ёрдам кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ Тайванни мустақил давлат сифатида тан олмаган.

Пелоси нима учун Тайванга ташриф буюрмоқчи?

Конгрессдаги 35 йиллик фаолияти давомида Нэнси Пелоси Хитойнинг ашаддий танқидчиси бўлиб келган. У инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралайди, хитойлик диссидентлар билан учрашган, 1989 йилда намойишчилар ўлдирилган Тяньаньмэн майдонига қурбонларни хотирлаш учун ташриф буюрган.

Аввалига Пелоси Тайванга 2022 йил апрелида ташриф буюрмоқчи эди, аммо унда коронавирус аниқлангач, ташриф қолдирилганди. Пелоси августда амалга ошиши кутилаётган сафари тафсилотларини муҳокама қилишни истамаган, аммо у ўтган ҳафтада «Тайванни қўллаб-қувватлашни намойиш этиш муҳимлиги»ни айтди.

Спикер Пелоси хитойлик диссидентларнинг 2019 йилги митингида Тяньаньмэн майдонидаги воқеаларга бағишланган «танк қаршисидаги одам» ҳайкалини очмоқда. Фото: Getty Images

Тайван ҳукумати доимий равишда Хитойни оролга нисбатан ҳарбий провокациялар уюштиришда айблайди. Украинада уруш бошлангач вазият кескинлаша бошлаган, қатор экспертлар ХХР раиси Си Жинпинг Россия президенти Владимир Путиндан ўрнак олиб, оролда Хитой ҳокимиятини тан олдириш учун «озод этиш амалиёти» бошлаши мумкинлигини тахмин қилишган.

Тайваннинг демократик йўл билан сайланган ҳукумати Хитойнинг эътирозларига жавобан оролда яшовчи 23 млн киши ўз келажагини ўзи ҳал қилиши ва улар ҳарбий ҳужум рўй берган тақдирда ҳимояланишга тайёрлигини билдирган.

Хитой ташрифга нега қарши чиқмоқда ва қандай оқибатлар билан таҳдид қилмоқда?

Пекин Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва бир неча бор зарурат туғилса уни аннексия қилиш билан таҳдид қилган. Хитой расмий шахслари аллақачон Тайбэй ва Вашингтон ўртасида дипломатик алоқалар кучайиб бораётганига эътирозларини билдиришган.

Хитой ташқи вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзян агар Нэнси Пелоси Тайванга келгудек бўлса, мамлакат қатъий ва кескин чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирган.

Фото: Reuters

Хитой мудофаа вазирлиги вакили эса ҳарбий жавоб қўлланиши эҳтимолини истисно этмади. Унга кўра, Тайван устида парвозлардан холи ҳудуд ташкил этиш ва ҳатто кенг кўламли десант тушириш амалиёти ўтказилиши ҳам мумкин.

«Агар Америка томони ўз йўлидан қайтмаса, Хитой ҳарбийлари ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтирмайди ҳамда шубҳасиз, ташқи кучларнинг ҳар қандай аралашуви ва «Тайван мустақиллиги» тўғрисидаги айирмачиликларнинг олдини олиш учун кескин чоралар кўради», — деди China Daily билан суҳбатда полковник Тан Кефей.

Пелосининг ташрифи нега Тайван учун фойдали?

Тайван АҚШ, Европа ва Осиёдан келган барча хорижлик юқори мартабали шахсларнинг ташрифларини юқори баҳолайди, бу ташрифлардан Хитойга қарши ҳимоя сифатида фойдаланади ҳамда унинг дипломатик изоляция кампаниясига қарши курашади.

Шу билан бирга, Тайван мамлакатнинг муҳим иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётган Хитой билан қарама-қаршилик авж олишини истамай, бундай ташрифларга реакция билдиришдан тийилишга ҳаракат қилади. Қолаверса, Хитойнинг материкдаги қисмида бир миллионга яқин тайванлик истиқомат қилади.

Шу ҳафтада Тайванда йиллик ҳарбий машғулотлар бошланди. Фото: EPA

Тайван жамоатчилиги Хитойнинг бирлашиш ҳақидаги талабларини қатъиян рад этади, аммо орол қуролли кучлари Хитой тажовузидан АҚШ ёрдамисиз ҳимояланиши жуда қийин, шу туфайли орол ҳукумати Вашингтон билан муносабатларни мустаҳкамлаши ва қурол олиш имконига эга бўлиши жуда муҳим.

АҚШ маъмуриятидагилар нима демоқда?

«Ҳарбийлар ҳозир бу яхши ғоя эмас деб ҳисоблашмоқда. Аммо мен Пелосининг бу сафари қандай мақомда эканидан бехабарман», деди ўтган ҳафтада АҚШ президенти Жо Байден.

Пентагонда изоҳ беришларича, «жуда ҳам яхши ғоя эмас»лиги ҳақидаги сўзлар шуни англатадики, ҳарбийлар Вашингтондаги қарор қабул қилувчиларни хавф-хатар эҳтимолидан, яъни Хитой нима қилиши мумкинлиги ва АҚШ қандай ҳаракат қилиши ҳақида хабардор қилган.

Шунингдек, ОАВ Байден маъмурияти Вакиллар палатаси спикерини ташрифдан воз кечишга ундаётгани ҳақида ёзган. Шу билан бирга, Оқ уй хитойликларнинг ушбу сафар борасидаги риторикасини «фойдасиз ва кераксиз» деб атаган.

82 ёшли Нэнси Пелоси учун Тайванга ташриф унинг сиёсий фаолиятидаги якунловчи сафарга айланиши мумкин. Фото: EPA

«Пелосининг сафари фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкинми?»
BBC’нинг Тайбэйдаги мухбири Руперт Уингфилд-Ҳейзнинг изоҳи

Агар сиз - иттифоқчилари кўп бўлмаган, БМТ томонидан тан олинмаган ва мунтазам равишда қудратли қўшнининг бостириб кириши хавфи остида яшайдиган кичик давлат бўлсангиз, АҚШдаги таъсир доираси бўйича учинчи рақамли шахснинг ташрифи сиз учун ёқимли ҳодиса бўлади, шундай эмасми?

Мана шунинг учун Тайван ҳукумати АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосига оролдан нарироқ бўлишни айтмоқчи эмас.

Тайван президенти Цай Инвэн аллақачон АҚШ билан ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқишга чақириб келади. Аммо нега Пелоси айнан ҳозир келаётгани ва унинг бу сафари фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкинлиги бўйича хавотирлар ҳам бор.

Сўнгги бир йилда президент Жо Байден уч марта агар Хитой босқини рўй берса, АҚШ вазиятга аралашиб, Тайванни қўллаб-қувватлаши ҳақида айтган. Аммо кейин унинг ходимлари вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб, АҚШнинг бу масаладаги сиёсати ўзгармаслигини таъкидлашига тўғри келган.

Пелосининг Тайванга сафари ҳақида маълумот тарқалганда, президент Байден уни қўллаб-қувватламади, бунинг ўрнига шундай деди: «Мудофаа вазирлиги ҳисоблашича, бу унчалик ҳам яхши ғоя эмас».

Пекинда бу заифлик сифатида кўрилади, Тайбэйда эса - саросимага тушиш. Аммо АҚШ ҳукуматининг оролга нисбатан ҳақиқий сиёсати қандай?

Нэнси Пелоси аллақачон 82 ёшда, кузда у пенсияга чиқиши керак. У Тайванга чиндан ҳам ёрдам бериш мақсадида келмоқдами ёки бу сиёсий найрангми? Буларнинг бари жуда ноаниқ.

Мавзуга оид