19:45 / 30.07.2022
22547

Bloomberg Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириш ғояси муаллифи кимлигини маълум қилди

Владимир Путин 1 апрелдан «нодўст» мамлакатлар билан Россия гази учун ҳисоб-китобни рублда олиб бориш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Максим Орешкин ва Владимир Путин / Фото: Mikhail Svetlov/Getty Images

Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириш ғояси Россия президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Максим Орешкинга тегишли, деб хабар берди Bloomberg ўз манбаларига таяниб. 

«Газ учун рублда тўлов» схемасидан фойдаланиш самарасини ижобий деб ҳисоблайман», — деди Орешкин Bloomberg агентлигига интервюсида.

У шу билан бирга, янги механизмни ишлаб чиқишдаги ўз ролига изоҳ беришни истамади.

Владимир Путин 1 апрелдан «нодўст» мамлакатлар билан Россия гази учун ҳисоб-китобни рублда олиб бориш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Ҳужжатга кўра, агар «нодўст» мамлакат тўловни рублда амалга оширишни истамаса, унга газ бериш тўхтатилади. 

Bloomberg агентлигининг қайд этишича, ушбу схема Россия иқтисодиётининг Ғарб санкцияларидан жиддий зарар кўришининг олдини олишга ёрдам берди. Март ойида тарихий минимумга тушиб кетган рубль июнда 2015 йилдаги даражада мустаҳкамланди. 

Таъкидланишича, Орешкин шунингдек, Россия банкларининг SWIFT тизимидан узиб қўйилиши оқибатларига қарши режа ишлаб чиқишда ҳам ёрдам берган ва иқтисодиётда давлат назоратининг кучайишига қарши чиққан. 

«Россия бозор иқтисодиётидан воз кечмоқчи эмас», — деган у Bloomberg агентлигига берган интервюсида.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top