Жаҳон | 15:24 / 01.08.2022
6397
3 дақиқада ўқилади

РФ Марказий банки валюта ечиб олиш бўйича чекловни 2023 йил 9 мартгача узайтирди

Россияга евро ва АҚШ доллари банкноталарини олиб кириш тақиқланганлиги муносабати билан Марказий банк 2023 йил 9 мартгача хорижий валютадаги ҳисобрақами ва депозитлардан 10 минг АҚШ доллари ёки евродаги эквивалентдан ортиқ маблағни ечиб олишни тақиқлаш муддатини узайтирди.

Фото: Picture Alliance

Россия Марказий банки нақд хорижий валютани ечиб олиш бўйича чекловларни олти ойга — 2023 йилнинг 9 мартигача узайтирди, деб хабар берди регулятор 1 август, душанба куни. Россияликлар фақат 2022 йил 9 мартгача ҳисобрақам ёки депозитга тушган пулларни чет эл валютасида олиш ҳуқуқига эга, қолган маблағларни ечиб олинган кундаги бозор курси бўйича рублда олиш мумкин, дея билдирди МБ.

Амалдаги чекловлар омонат ёки валюта ҳисобрақамидан 10 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган ёки еврода шунга ўхшаш суммани ечиб олишга имкон беради. «Россия банки Россия молия институтларига ғарб давлатларида нақд пул олишни тақиқловчи Россияга қарши амалдаги санкциялар муносабати билан нақд пулга нисбатан ушбу ва бошқа чекловларни сақлаб қолишга мажбур», — дея тушунтирди регулятор. 

Бундан ташқари, МБ 2023 йил 9 мартгача хорижий валютани сотиб олиш бўйича чекловларни сақлаб қолди – банклар фақат 2022 йил 9 апрелдан кейин ўз кассаларига келиб тушган евро ва АҚШ долларини фуқароларга сотиши мумкин. 

2 март куни Евроиттифоқ Россияга евро банкноталарини сотиш ва етказиб беришни тақиқлади, бу тақиқ жисмоний ва юридик шахсларга, шунингдек, Россия расмийларига, жумладан ҳукумат ва Марказий банкка нисбатан қўлланилади. 11 март куни АҚШ долларига нисбатан худди шундай тақиқ жорий қилинди. 

9 март куни Марказий банк «нақд валюта билан операцияларни амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби»ни жорий қилди. Регулятор чет эл валютасини ечиб олиш учун 10 000 АҚШ доллари миқдорида чеклов белгилади, уни 9 мартдан кейин очилган ҳисобрақамлардан ечиб олишни, шунингдек, 9 сентябргача жисмоний шахсларга банк кассаларида чет эл валютасини сотишни тақиқлади. 

Апрель ойи ўрталарида регулятор чекловларни юмшатиб, банкларга ўз бўлинмаларида чет эл валютасини сотишга рухсат берди. Жисмоний шахслар харид қилиши учун фақат бўлинмаларга 9 апрелдан кейин келиб тушган валюта мавжуд эди. 

Мавзуга оид