Жамият | 11:01 / 02.08.2022
11231
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрининг икки туманида электр энергиясида узилишлар кузатилади

Бугун, 2 август куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод ҳамда Яшнобод туманлари аҳоли яшаш хонадонларида электр энергияси соат 10:00 дан 17:00 қадар вақтинча ўчирилди.

Фото: Getty Images

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» хабарига кўра, истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш, электр тармоқларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатлари олдини олиш, таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш мақсад қилинган.

Бунда:

Юнусобод тумани - Хушнаво, А.Темур ҳамда Нурмуҳамедова кўчалари;

Яшнобод тумани - Табибий Табассум, Оҳанграбо ҳамда Турсунхўжаева кўчаларида яшовчи аҳоли хонадонларида электр энергияси вақтинчалик ўчирилди.

Билдирилишича, ҳудудлардаги қуввати ҲЛ-0,4 кВ бўлган паст кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларидаги эски алюмин симларни янги замонавий кабел тармоқларига алмаштириш, трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шу сабабли, ушбу ҳудуддаги аҳоли яшаш хонадонларида электр энергиясидан вақтинчалик узилишлар кузатилади.

Таъкидланишича, айни вақтда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» тасарруфидаги туман электр таъминоти корхоналари ишчи-ходимлари томонидан вазиятни тезкорлик билан бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилиб, ҳудудларда тезкор бригадалар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид