Россия АҚШга «терроризм ҳомийси» мақоми туфайли дипломатик алоқаларни узиш билан таҳдид қилди
ТИВ Россиянинг АҚШ томонидан терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олинишини «масъулиятсиз қадам» деб атади, у дипломатик муносабатларнинг узилишига олиб келади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат деб эълон қилган тақдирда, АҚШ билан дипломатик муносабатлар узилишини истисно этмаяпти. Бу ҳақда 2 август, сешанба куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
«Бундай масъулиятсиз қадамнинг мантиқий натижаси дипломатик муносабатларнинг узилиши бўлиши мумкин, шундан сўнг Вашингтон охир-оқибат қайтиб келмайдиган нуқтадан ўтиш хавфини туғдиради», деди у.
Апрель ойида The Washington Post нашри манбаларга таяниб, Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байдендан Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олишни сўрагани ҳақида хабар берган эди. Вашингтоннинг бундай потенциал ҳаракати «АҚШ арсеналидаги энг кучли ва кенг қамровли санкциялардан бири» деб аталди.
Июль ойи охирида АҚШ Конгресси Сенати шундай мурожаат билан чиқди ва бажарилиши мажбурий бўлмаган резолюцияни қабул қилди. Сенаторлар давлат котиби Энтони Блинкендан Чеченистон, Грузия, Сурия ва Украинадаги «сон-саноқсиз бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болаларнинг ўлимига» олиб келган воқеалар туфайли Россияни терроризмнинг ҳомийси деб эълон қилишни сўрашди. The New York Times газетасининг ёзишича, Блинкен бу қарорга қарши.
Давлат департаменти маълумотлар варақасига кўра, агар давлат «халқаро терроризм ҳаракатларини қайта-қайта қўллаб-қувватлаган» бўлса, Давлат департаменти мамлакатни терроризм ҳомийси деб эълон қилиши мумкин. Мамлакатни рўйхатга киритиш Оқ уйга ушбу давлатлар активларини музлатиб қўйиш, шунингдек, улар билан иқтисодий алоқаларни давом эттираётган учинчи давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш имконини беради. АҚШ бу мақомни тўртта давлатга берган: Шимолий Корея, Куба, Эрон ва Сурия.
Мавзуга оид
15:44
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024