Ўзбекистон | 08:19 / 03.08.2022
6506
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ олий комиссари билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) миллий озчиликлар масалалари бўйича олий комиссари Қайрат Абдураҳмоновни қабул қилди.  

Фото: Президент матбуот хизмати

Амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳамда миллатлараро тотувлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

ЕХҲТ институтлари билан устувор йўналишларда – хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология соҳаларида, гуманитар йўналишдаги конструктив мулоқот ва сермаҳсул ҳамкорлик бугунги даражаси қайд этилди. Ўрта муддатли истиқболда қарийб 50 та тадбирни ўтказиш назарда тутилган “йўл харитаси” биргаликда амалга оширилмоқда.

Учрашувда олий комиссар мамлакатда бағрикенглик ва гуманизм маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро англашув ва тотувликни таъминлаш, шу асосда ёш авлодни тарбиялаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга юксак баҳо берди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, Афғонистон тинч ривожланиши ва иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Қўшма тадбирлар – миллатлараро тотувлик масалалари бўйича минтақавий семинар, халқаро тажриба ва ЕХҲТ тавсиялари тақдимотини ўтказиш, Ўзбекистон делегациясининг миллатлараро муносабатлар муаммосига бағишланган давра суҳбатида иштирок этиши юзасидан келишувларга эришилди.

Кўп тилли таълим соҳасида, шу жумладан Марказий Осиё таълим дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Мавзуга оид