Еврокомиссар: украиналик қочқинлар исталган вақтда ЕИга қайтиши мумкин
Киевга ташриф буюрган Ильва Йоханссоннинг сўзларига кўра, Украинага доимий асосда йўл олган қочқинлар, агар керак бўлса, ҳар доим ЕИда қайта қабул қилинади.
Украинадан Евроиттифоққа кўчиб ўтган, кейин ўз ватанига қайтишга қарор қилган қочқинлар уруш шароитида исталган вақтда ЕИга қайтиши мумкин. Бу ҳақда 2 август, сешанба куни Киевга ташрифи чоғида ички ишлар бўйича еврокомиссар Ильва Йоханссон маълум қилди.
«Биз ёрдамга муҳтож украиналикларни очиқ юрак билан қабул қилишга доим тайёрмиз», деди ЕИ комиссари.
Украина фуқароларига Европа ҳамжамияти ҳудудида эркин ҳаракатланиши ва у ерда ишлашига рухсат берилган. Шунингдек, улар тиббий ёрдам, уй-жой, болалар эса - таълим олиш ҳуқуқига эга. Dpa агентлигининг аниқлик киритишича, Украинага доимий асосда кетаётган украиналиклар вақтинчалик ҳимоя мақомидан воз кечиши керак. Шу билан бирга, агар улар қайтиб келса, исталган вақтда уни янгилаш учун рўйхатдан ўтиши мумкин.
БМТнинг Қочқинлар иши бўйича агентлиги маълумотларига кўра, 6 миллиондан ортиқ одам Украинадан Европанинг бошқа давлатларига кўчиб ўтган.
Ильва Йоханссон, ўз навбатида, Киевдаги темирйўл вокзалида ўз ватанига қайтиб келган болалари ва юклари билан украиналикларнинг узун навбатини кўрганини айтди. Еврокомиссар бунчалик кўп одамлар «уйига қайтиб, Украинани қайта тиклаш»га қарор қилганини «катта қадам» деб ҳисоблайди.
Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери Германиядаги Чет элликлар марказий реестрида уруш натижасида қочқинга айланган 915 мингдан ортиқ киши рўйхатга олинган. Улардан, Германия ИИВ маълумотларига кўра, 890 605 нафари - Украина фуқаролари. Шу билан бирга, маҳкама Украинадан Германияга келган қочқинларнинг ҳақиқий сонини, шунингдек, Германия ҳудудидаги украиналиклар сонини билмайди. Украиналиклар Германия чегараларини ўз ҳужжатлари билан кесиб ўтиши мумкин. Бундан ташқари, дўсти ёки қариндоши билан яшайдиган ва давлат ёрдамига мурожаат қилмаганлар ҳам расмий статистикада келтирилмайди.