Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саида Мирзиёева: “Қонунчилигимиз болалардан кўра кўпроқ жиноятчилар ҳақида қайғуради”
Саида Мирзиёева Тошкентда 14 яшар қизни жинсий алоқа қилишга кўндирган уч эркак жазонинг учдан бирини ҳам ўтамай туриб, шартли равишда озодликка чиқарилганига муносабат билдирди ва вояга етмаганларга қарши жинсий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга чақирди. “Келинг, зўравонларга эмас, болаларга ғамхўрлик қилайлик”, деди у.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Тошкентда 14 ёшар қизни жинсий алоқа қилишга кўндирган уч эркакка нисбатан жазонинг енгиллаштирилганини қоралади.
Аввалроқ хабар берилганидек, Тошкент вилоятидаги учта суднинг деярли бир вақтда қабул қилган қарорлари асосида, жиноятчилардан бири 4 йиллик қамоқ жазосининг бор-йўғи 1 йилини, қолган икки нафари эса 2 йиллик қамоқ жазосининг атиги 6 ойини ўтади ва шартли равишда озодликка чиқарилди.
Саида Мирзиёева бундан хабар топгач қаттиқ тушкунлик ва оғриқни ҳис қилганини айтди. “Бу одамлар нормал ҳаётга қайтишди, яна болалар билан ишлашда давом этишмоқда”, – дея ёзди у Telegram-каналида.
“Бизнинг вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчилигимиз болалардан кўра кўпроқ жиноятчилар ҳақида қайғуради ва менинг фикримча, бу адолатсизликни зудлик билан тузатиш зарур”, – деди Мирзиёева.
У Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга жавоб бермаслигини айтди.
“Бундай жиноятлар учун, истисно тариқасида, озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо қўлланилмаслиги керак. Ушбу моддаларни кучайтириш керак, уларга барвақт озод бўлиш имкониятисиз жиддий муддатлар қўлланилиши лозим.
Ҳозир эса ҳаддан ташқари енгил жазолар потенциал жиноятчиларни қўрқитмайди ва турли “самосуд”ларга туртки бермоқда”, – деди Масс-медиа фонди раиси ўринбосари.
Мирзиёева вояга етмаганларга нисбатан ҳар қандай жинсий жиноятларда айб буткул катталарда бўлишини таъкидлади.
“Шуни ёдда тутиш керакки, болалар ва ўсмирларни манипуляция қилиш, уларни қўрқитиш осон, улар ўзларининг хатти-ҳаракатлари учун онгли равишда жавобгар бўлолмайдилар. Ҳар қандай ҳолатда айб бутунлай катталарга юкланади.
Келинг, зўравонларга эмас, болаларга ғамхўрлик қилайлик. Бу соҳага доир қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарур. Қанча тез бўлса, шунча яхши”, – дея ёзди Гендер комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги жиноятни мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган эркак ташкиллаштирган. У ўз ўқувчисини аввалдан ижарага олинган квартирага олиб бориб, у ерга икки танишини ҳам чақирган.
Жиноятчилар колониядан чиқарилиб, маошининг 15-20 фоиз қисмини давлатга тўлаб бориш шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган. Улардан бири айни пайтда тиббиёт марказида регистратор бўлиб ишлаётгани, фаолиятида болаларга ҳам хизмат кўрсатаётгани айтилмоқда.
Мавзуга оид
21:24 / 17.06.2026
Ўзбекистон инвестициявий салоҳиятини изчил ошириб бормоқда - Саида Мирзиёева
17:21 / 17.06.2026
Саида Мирзиёева Михаил Мишустин билан иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди
09:16 / 17.06.2026
Саида Мирзиёева АҚШ Эксимбанки ва DFC раҳбарлари билан музокара ўтказди
20:58 / 16.06.2026