АҚШ давлат котиби Блинкен Тоғли Қорабоғдаги вазиятни юмшатишга чақирди
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Арманистон бош вазири Пашинян ва Озарбойжон президенти Алиев билан Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашувини муҳокама қилди ҳамда Боку ва Ереванни тўғридан тўғри мулоқотга чақирди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан Тоғли Қорабоғдаги вазиятнинг кескинлашуви юзасидан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда 5 август, жума куни АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Алиев билан суҳбатда Блинкен «Тоғли Қорабоғ можароси билан боғлиқ ёки ундан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қилиш учун Озарбойжон ва Арманистон ўртасида кескинликни пасайтириш ҳамда тўғридан тўғри мулоқот ўтказишга чақирди». АҚШ давлат котиби Пашинян билан суҳбатда Арманистон бош вазирини Вашингтон «Тоғли Қорабоғдаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани»га ишонтирди, шунингдек, томонларни тўғридан тўғри мулоқотга чақирди, дея маълум қилди АҚШ ташқи сиёсат идораси.
Тоғли Қорабоғдаги арман-озарбойжон можароси 3 август куни Арманистон ва ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ республикасини боғловчи Лочин йўлаги ҳудудида жанглар бошланганидан кейин кескинлашди.
Ўша куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 3 август куни эрталаб Лочин туманида «ноқонуний арман қуролли гуруҳлари аъзолари» томонидан ўққа тутилиши натижасида бир озарбойжон аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. Бунга жавобан Озарбойжон қўшинлари «Қасос» операциясини бошлади, унинг доирасида «Гирхғиз, Сарибаба чўққилари ва Кичик Кавказ тоғ тизмасининг Қорабоғ йўналиши бўйлаб бир қатор бошқа муҳим баландликлар назорат остига олинди», — дейилади ҳарбий идора хабарида.
Боку ва Ереван бир-бирини Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудида уч томонлама ўт очишни тўхтатиш келишуви бандларини бузганликда айблади. Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти «ҳалигача қўшни давлат ҳудудидан ноқонуний арман қуролли тузилмаларини олиб чиқиб кетишни таъминламаганини» таъкидлади. Бунга жавобан Арманистон ТИВ Озарбойжон «Тоғли Қорабоғ аҳолисини қўрқитиш, этник тозалаш ва тан олинмаган республикани «ўрмалаб босиб олиш» бўйича олдиндан режалаштирилган сиёсатни давом эттираётганини таъкидлади.
Европа иттифоқи расмийлари Тоғли Қорабоғдаги можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокараларни давом эттиришга чақирди.
Ереван ва Боку ўртасидаги можаро 2020 йилнинг ёзида авж олган. 27 сентябрдан 9 ноябргача Арманистон ва Озарбойжон ўртасида асосан арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ учун уруш юз берди. Натижада Озарбойжон минтақанинг салмоқли қисмини ўз назоратига қайтарди. Россия воситачилигида Ереван ва Боку сулҳ тўғрисида шартнома имзолади ҳамда Россия тинчликпарвар кучлари чегара чизиғига олиб келинди. Шунга қарамай, минтақада таранглик давом этмоқда.
Тоғли Қорабоғ СССР парчаланганидан кейин бир томонлама равишда Озарбойжондан мустақиллигини эълон қилди. Ҳеч бир давлат ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ Республикасининг мустақиллигини тан олмади. Можарони тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган музокаралар жараёни ЕХҲТнинг Минск гуруҳи шафелигида, Россия, Франция ва АҚШ ҳамраислигида олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
21:45 / 22.10.2024
Байрутдаги шифохонага зарба берилди, Блинкен яна Яқин Шарқда
18:53 / 28.09.2024
АҚШ Давлат котиби Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашди
09:59 / 12.09.2024
Блинкен: АҚШ Киевга 717 млн долларлик гуманитар ёрдам ажратади
12:30 / 11.09.2024