Германия НАТО билан ҳамкорликда ишлаган 17 мингдан ортиқ афғонни қабул қилди
Европанинг бошқа давлатлари билан солиштирганда, Германия НАТО тузилмаларида ишлагани учун ватанида хавф остида қолган афғонларни анча кўп қабул қилди.
Деярли бир йил аввал НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан бери Германия жами 23 614 нафар НАТОда тузилмаларида ишлаган афғон ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини қабул қилишга ваъда берганди. Ҳозиргача мамлакатга 17 556 киши кириб келган, уларнинг аксарияти афғон ходимларининг оила аъзоларидир. Бу ҳақда 6 август, шанба куни Welt am Sonntag газетаси Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идора (BAMF) маълумотларига таяниб хабар берди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, оила аъзоларини ҳисобга олмаганда, Германияга киришга рухсат олган бундесвер ва НАТО тузилмаларининг афғон таржимонлари ҳамда бошқа ходимлари сони 5 141 кишини ташкил қилади. Улардан 3 756 нафари Германияда бўлиб турибди.
Европанинг бошқа давлатлари билан солиштирганда Германия афғонларни анча кўп қабул қилди, деб ёзади Welt am Sonntag. Масалан, британ тузилмаларида ишлаган 10 100 нафар афғон ва уларнинг оилалари Буюк Британияга кирди, деб ёзади нашр Британиянинг Германиядаги элчихонаси маълумотларига таяниб. Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳозиргача Афғонистон фуқароларига 1 218 та «чекланган ҳудудий амал қилиш» визасини берди, 278 киши эса инсонпарварлик йўлаклари доирасида мамлакатга етиб келди.
Июль ойи бошида Афғонистон бўйича текширув ўтказиш учун тузилган бундестаг комиссияси ўз ишини бошлади. У 2021 йил ёзидаги воқеаларга ойдинлик киритиши керак. Ҳалигача Германияга кетиш имкониятини кутаётган афғон ходимлари тақдири масаласи ҳам ҳал этилиши керак. Бундан ташқари, Германия парламенти комиссия тузди, унинг вазифаси бундесвернинг Ҳиндиқушдаги деярли 20 йиллик миссиясини чуқур таҳлил қилиш ва ушбу экспертиза натижаларига кўра бошқа халқаро операциялар учун тажриба тўплашдир.
Бундесвер Афғонистон ҳудудини 2021 йил июнь ойида – АҚШ ва НАТОнинг ўз контингентини бу мамлакатдан олиб чиқиш тўғрисидаги қароридан сўнг, дастлаб режалаштирилганидан эртароқ тарк этди. Август ойида Кобулда толиблар ҳокимият тепасига келди. Улар бундесвер ҳам ўқитиб, машғулотларига ҳисса қўшган Афғонистон қуролли кучлари томонидан деярли ҳеч қандай қаршиликка учрамади. Шундан сўнг Германия Афғонистондан тинч аҳолини эвакуация қилиш бўйича халқаро операцияда иштирок этди. Афғонистон пойтахти аэропортида август ойи иккинчи ярмида кўплаб одамлар мамлакатни тарк этишга урингани, мунтазам рейсларнинг бекор қилиниши туфайли юзага келган тартибсизлик ва ваҳимада бир неча ўнлаб одамлар ҳалок бўлди.
Бир пайтлар НАТО тузилмаларида ишлаган ва ватанини тарк эта олмаган кўплаб афғонлар ўз ҳаётлари учун хавотирда, чунки толиблар улардан ўч олиши мумкин. Ҳуқуқ фаоллари радикал афғон доираларида сотқин деб ҳисобланган одамлар у ерда толиблар ҳокимиятни тиклагунга қадар мамлакатдан эвакуация қилинмаганини танқид остига олди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024