Латвия россияликларга виза беришни номаълум муддатга тўхтатди
Латвиянинг Россиядаги элчихонаси РФ фуқаролари учун виза аризаларини қабул қилишни тўхтатди. Ягона истисно - яқин қариндошининг дафн маросимида қатнашиш зарурати.
Латвия Россия фуқароларига виза беришни тўхтатди. Бу ҳақда 4 август, пайшанба куни Латвиянинг РФдаги элчихонаси ва Латвия виза марказида маълум қилинди. «Латвиянинг Россиядаги элчихонаси Россия Федерацияси фуқаролари учун виза аризаларини қабул қилишни номаълум муддатга тўхтатди», — дейилади дипломатик миссиянинг Twitter’даги хабарида.
Элчихона сайтида бу қарор «халқаро вазият билан боғлиқ ҳолда» қабул қилингани айтилган. Ягона истисно - яқин қариндошининг дафн маросимида қатнашиш зарурати, дея билдирди дипломатик миссия Twitter’да.
Delfi портали эслатишича, Россия Украинада уруш бошлаганидан кейин Латвия россияликларга туристик визалар беришни тўхтатди, аммо инсонпарварлик нуқтайи назаридан қисқа муддатли визалар ва ишлаш ҳуқуқини берувчи узоқ муддатли миллий визалар олиш имкониятини қолдирди.
Портал маълумотларига кўра, август ойи бошига қадар Россия мустақил ОАВнинг 247 нафар ходими ва уларнинг 206 нафар оила аъзоларига визалар берилган.
25 февралдан 26 июлгача Латвия ваколатхоналарида қариндоши касаллиги ёки дафн маросими муносабати билан, шунингдек, Латвия ва ЕИ фуқаролари оила аъзоларига 654 та виза берилди. Шу тариқа, кўрсатилган давр мобайнида Латвия ваколатхоналарида Россия фуқароларига 1107 та виза тақдим этилди.
Айни пайтда, LRT радио ва телевидение миллий хизмати хабар беришича, Латвия Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) миллий хавфсизликка Россия мустақил ОАВ ва Латвияда бошпана топган айрим журналистлардан келиб чиқадиган хавф ҳақида огоҳлантирган.
ДХХ маълумотига кўра, Россия ва Беларусдан ҳар қандай шахснинг кириши, унинг касбидан қатъи назар, хавф билан боғлиқ. Хизмат таъкидлашича, Россия мустақил ОАВнинг РФ президенти Владимир Путин режимига қарши фаолияти Россия ҳукуматини Латвияга эътиборни кучайтиришга мажбур қилади, бу эса РФнинг Ригага қарши разведка-ахборот фаолиятини ошириши мумкин.
ДХХ Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати, Давлат полицияси, Фуқаролик ва миграция ишлари бошқармаси, бошқа хизматлар билан ҳамкорликда Россия ва Беларусдан Латвияга кириб келаётган шахслар устидан назоратни кучайтирган ҳамда бошқа чора-тадбирларни амалга оширяпти, бунда миллий хавфсизликка хатарларни камайтириш мақсад қилинган, дея хабар берди идора.
Парламент халқаро ишлар бўйича комиссиясининг 2 август куни бўлиб ўтган йиғилишида ТИВ парламент котиби Занда Калниня-Лукашевица россиялик мустақил ОАВ ходимларига 247 та виза берилганини тасдиқлади. Визаларни, хусусан, халқаро оммавий ахборот воситалари - BBC, Deutsche Welle, «Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси» ва «Настоящее время», шунингдек, «Медуза», «Новая газета. Европа» ва «Дождь» каби бошқа қатор нашрлар вакиллари олди. Умуман олганда, гап 23 та мустақил ОАВ ҳақида кетмоқда.
Аввалроқ, 28 июль куни Эстония ҳукумати Россия фуқароларига ушбу мамлакатда ўқиш ёки вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ҳамда визалар беришни тақиқловчи қарорни тасдиқлади. Бундан ташқари, Россия ва Беларус фуқаролари қисқа муддатли ишлаш учун рухсатномани фақат Эстония томонидан берилган виза амалда бўлган тақдирдагина олиши мумкин.
Агар бошқа ЕИга аъзо бошқа давлат томонидан яшаш учун рухсатнома берилган бўлса ҳам, РФ ва Беларус фуқаролари қонуний равишда қисқа муддатли иш топиши мумкин бўлмайди, шунинг учун узоқ муддатли виза олиш учун ариза бериш эҳтимоли йўққа чиқди.
28 июль куни Финландиянинг энг йирик нашри Helsingin Sanomat Еврокомиссия (ЕК) тушунтиришларини чоп этди, унда ЕИ қоидалари Россия фуқароларига визалар беришни тўлиқ тўхтатмаслигига урғу берилган. ЕК қисқа муддатли Шенген визалари учун аризаларни кўриб чиқиш ҳар бир ҳужжат бўйича «якка тартибда» қарор қабул қилиши керак бўлган ҳамжамиятга аъзо давлатлар ваколати эканини таъкидлади.
Мавзуга оид
18:48 / 05.11.2024
Green Card учун онлайн рўйхатдан ўтиш 2 кунга узайтирилди
00:33 / 09.10.2024
Латвия мудофаа харажатларини қоплаш мақсадида банклар учун солиқ жорий этади
22:05 / 05.10.2024
Швеция ўз ҳарбийларини Латвияга юборади
22:25 / 04.10.2024