Спорт | 20:04 / 08.08.2022
32220
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шахмат жамоаси мағлубиятсиз юришни давом эттирди ва чемпионликка янада яқинлашди

Нодирбек Абдусатторов фантастик ғалабага эришиб, Ўзбекистон учун имконият сақлаб қолди.

Фото: International Chess Federation / Lennart Ootes

8 август куни Ҳиндистондаги шахмат олимпиадасининг навбатдаги ҳал қилувчи тури бўлиб ўтди. 10-турда ўзбекистонлик шахматчилар чемпионлик курашидаги асосий рақиби бўлган Ҳиндистон-2 жамоаси вакилларига қарши дона суришди.

27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) 29 ёшли Башкаран Адхибан (2598) билан, 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) эса 18 ёшли Нихал Сарин (2651) билан баҳсда дурангга рози бўлди.

Жаҳонгир Воҳидов
Нодирбек Ёқуббоев

16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров (2629) дастлаб жуда қийин ҳолатдан чиқиб кетиб, вазиятни тенглаштирди, аммо узоқ давом этган қаршиликдан кейин тенгдоши Рамешбабу Прагнанандҳага (2625) ютқазди.

Жавоҳир Синдоров

17 ёшли Нодирбек Абдусатторов (2688) эса 16 ёшли Гукеш Доммаражму (2684) билан қарийб беш соат давомида кураш олиб борди. Гукеш олимпиада бошидан буён 8 та баҳсни ғалаба билан якунлаган ва битта дуранг қайд этганди.

Нодирбек Абдусатторов

Бу баҳс Абдусатторов учун ўта қийин кечди, у дастлабки қисмида вазиятини жуда оғирлаштириб қўйганди, лекин рақиб яққол мот ҳолатини кўрмай қолди, кейин яна бирин-кетин хато қила бошлади. Ўзбекистонлик шахматчи эса ирода кўрсатди ва фантастик ғалабага эришиб, ҳисоб умумий 2:2 бўлишини таъминлади.

Бу эса Ўзбекистоннинг турнирда чемпионлик учун имкониятини сақлаб қолди.

Бу дурангдан кейин Ўзбекистон очколари сонини 17 тага етказган ҳолда биринчи ўринда қолмоқда. Ўзбекистон мусобақада мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турибди.

Бу турда Озарбойжон устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган Арманистонда ҳам шунча очко бор.

9 август куни ўтказиладиган сўнгги турда Ўзбекистон ғалаба қозонса, чемпионликни нақд қилади - турнир жадвали юқорисидаги жамоаларнинг очколари сони тенг келиб қолган тақдирда қўшимча кўрсаткичлар ҳисобга олинади ва бу борада устунлик Ўзбекистон томонида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид