Жаҳон | 19:13 / 09.08.2022
7091
2 дақиқада ўқилади

Тайван бўғозида Хитойнинг 45та самолёти ва ўнта ҳарбий кемаси операция ўтказди

4 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси оролга ташриф буюрганидан кейин Тайван атрофидаги олтита ҳудудда Хитой ҳарбий машғулотлари бошланди.

Фото: РИА Новости

Хитой халқ-озодлик армияси Тайван томон 45та самолёт ва 10та ҳарбий кема жўнатди.

"9 август ҳолатига, Тайван бўғози ҳудудида Хитойнинг 45 самолёти ва 10 ҳарбий кемаси ҳарбий-денгиз ва ҳаво операцияларини ўтказди. Тайван бўғозидаги "ўрта чизиқ"ни 15 самолёт, жумладан, 4та J-11, 4та J-16 ва 8та Су-30 қирувчи самолётлари кесиб ўтди”, дейилади Тайван мудофаа вазирлиги хабарида.

Аввалроқ Хитой халқ-озодлик армиясининг шарқий ҳудуд қўмондонлиги Хитой ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари Тайван атрофидаги ҳарбий машғулотлар давомида мураккаб электромагнит шароитида блоклаш ва назоратга олиш машқларини ўтказганини хабар қилганди.

4 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси оролга ташриф буюрганидан кейин Тайван атрофидаги олтита ҳудудда Хитой ҳарбий машғулотлари бошланди. ХХОА Шарқий жанговар қўмондонлик зонаси маълум қилишича, манёврлар Хитой армиясининг қуруқликдаги нишонларга зарба бериш ва денгиз ҳужумларини амалга ошириш қобилиятини синаб кўриш учун мўлжалланган.

Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби У Цянь 8 август куни бу манёврлар АҚШ ва Тайван учун «керакли огоҳлантириш» эканлигини айтди. Бу уларнинг провокацияларига «адолатли ва ўринли» жавоб, деди у. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Тайван бўғозидаги ҳозирги кескин вазиятни «атайлаб» яратган ва Пекин норозилигига қарамай Пелосининг оролга ташриф буюришини ташкил қилган.

Мавзуга оид