Жаҳон | 08:31 / 11.08.2022
6209
2 дақиқада ўқилади

«Дружба» қувури орқали Европага нефть транзити тикланди

Словакия ва Венгрия нефть концернлари Украина орқали транзит учун тўлов тўлаган. Россия ғарб санкциялари туфайли тўловни тўлай олмади.

Фото: Reuters

«Дружба» нефть қувурининг жанубий тармоғи орқали Россия нефтини Европага етказиб бериш тикланди. «Дружба» қувури яна Словакияга нефть етказиб бермоқда, катта эҳтимол билан эртага Венгрияга етказиб бериш қайта бошланади», деди 10 август, чоршанба куни Словакиянинг Slovnaft нефть компанияси вакили.

Вакил сўзларига кўра, Slovnaft ва Венгриянинг MOL концерни Россия нефтининг Украина ҳудуди орқали транзити учун тўловларни тўлашни таклиф қилган, бу таклиф ҳам Украина, ҳам Россия томонидан қабул қилинган. MOL концерни август ойи учун транзит тўлови тўланганини эълон қилди. 

Кеча Россиянинг «Транснефт» оператори «Дружба» қувури орқали нефть транзити Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши фонида ғарб томонидан киритилган санкциялар туфайли Россия тегишли тўловни тўламагани учун 4 август куни тўхтатилганини эълон қилди. 

«Дружба» нефть қувури Самарадан Беларус ҳудудига ўтади, у ерда икки тармоққа бўлинган. Шимолий қисми Полша, Германия, Латвия ва Литва орқали ўтади. Жанубда - Украина орқали нефть Чехия, Словакия ва Венгрияга келади. 4 август куни «Укртранснафта» «Дружба»нинг жанубий тармоғи орқали нефтни ҳайдашни тўхтатди. 

Май ойи охирида Евроиттифоқ Россия нефти импортига қисман эмбарго қўйишни маъқуллади. Шу билан бирга, нефтни «Дружба»нинг жанубий тармоғи орқали Венгрия, Чехия ва Словакияга етказиб бериш учун енгиллик мавжуд.

Мавзуга оид