Жаҳон | 17:22 / 11.08.2022
9647
2 дақиқада ўқилади

Шольц: Россия аввалги асрлар нуқтайи назаридан фикр юритиб, империя сиёсатини олиб боряпти

Канцлер Олаф Шольцнинг фикрича, Россиянинг Украинага бостириб киришини Германия учун энг катта чақириқдир. Бу ҳақда у таътилдан сўнг Берлиндаги анъанавий матбуот анжуманида маълум қилди. 

Фото: Picture Alliance

Ҳозирги вақтда Германия ҳукуматини ташвишга солаётган барча муаммолар ичида энг каттаси бу Россиянинг Украинага қарши урушидир. Бу ҳақда 11 август куни Германия канцлери Олаф Шольц таътилдан қайтганидан сўнг Берлинда ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди

Россия Украинага қарши бошлаган урушни Шольц «даҳшатли» ва Германиядан Украинага «мустақиллик учун курашда» ёрдам бериш учун катта саъй-ҳаракатлар талаб қилувчи, деб атади. Канцлер Германиянинг дунё инқирозли ҳудудларига қурол-яроғ етказиб бермаслик ҳақидаги аввалги сиёсатидан воз кечилганини ҳамда яқинда Украина армиясига Германиянинг замонавий ҳарбий техникаси, жумладан, оғир техникаси топширилганини эслатиб ўтиб, уни «жуда самарали» деб таърифлади. 

Германия ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, «Россия 17-18-19-асрлар нуқтайи назаридан фикр юритиб, империя сиёсатини олиб боряпти ва қўшни давлатга ҳужум қилиб, улар ҳудудининг бир қисмини босиб олиш мумкин, деб ҳисоблаяпти». Аммо АҚШ президенти Жо Байдендан фарқли ўлароқ, Германия канцлери Владимир Путиннинг ўзини ҳарбий жиноятчи деб аташдан тийилди. 

DW мухбирининг тегишли саволига жавоб берар экан, Шольц «бу жиноий уруш, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», деди. У Украинага ташрифи ва рус аскарлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар фактларини эслатди. «Биз барча чораларни кўришимиз керак, - дея маълум қилди Шольц. - Уларни тергов қилишга эришиш лозим». Канцлер Путиннинг ўзи ҳақида тўхталиб, «бу уруш учун Россия президенти жавобгар, у уни бошлашга қарор қилди ва бу даҳшатли, қабул қилиб бўлмас уруш биз келишиб олган барча қоидаларни бузади», деб қўшимча қилди. 

Мавзуга оид