АЭХА раҳбари агентлик экспертларини Запорижжя АЭСга киритишни талаб қилди
Рафаэл Гросси Россия ва Украинани АЭХА инспекторларини Запорижжя АЭСга киришига имкон қадар тезроқ рухсат беришга чақирди ва экспертлар миссиясини бошқаришга тайёрлигини билдирди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси Россия ва Украинани 4 мартдан бери Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорижжя атом электр станциясига (ЗАЭС) зудлик билан АЭХА мутахассисларини киритишга чақирди. «Иккала томондан АЭХА билан ҳамкорлик қилишни ва миссияни Запорижжя АЭСга киришга имкон қадар тезроқ рухсат беришни сўрайман», деди Гросси 11 август, пайшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Запорижжя АЭС бўйича фавқулодда йиғилишида видео-алоқа орқали сўзлаган нутқида. «Вақт ўтиб бормоқда», деб таъкидлади халқаро агентлик раҳбари.
АҚШ, шунингдек, АЭХА инспекторларини доимий ҳужум остида бўлган Запорижжя атом электр станциясига киритишга чақирди. АҚШ давлат котибининг қурол назорати бўйича ўринбосари Бонни Женкинс ўша учрашувда: «бу ташрифни энди кечиктириб бўлмайди», деди. Россия ЗАЭС яқинидаги барча операцияларни тўхтатиши, Запорижжяни украиналикларга қайтариши ва қўшни давлатдан қўшинларини олиб чиқиши керак, деди Женкинс.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ АЭСнинг украиналик ходимларига россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан қўпол муносабатда бўлинаётганидан хабардор. «Украиналик ходимлар рус аскарлари томонидан босим ўтказилмасдан ўзларининг муҳим вазифаларини бажара олишлари керак», деди Бонни Женкинс.
БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан бир неча соат олдин Европадаги энг йирик атом электр станцияси яна оғир артиллерия ва ракета қурилмаларидан ўққа тутилди.
Ўз навбатида, Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица БМТ Хавфсизлик кенгашида сўзга чиқиб, Запорижжя АЭСда ядровий таҳдидни бартараф этишнинг ягона йўли - Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва станция устидан Украина назоратини қайтариш эканлигини айтди. Россия ЗАЭСда хавфли провокацияларга қўл урмоқда, у ерга ҳарбий техникани жойлаштирмоқда, улардан россияликлар Днепр бўйидаги Украина шаҳарларини ўққа тутмоқда, деди Кислица.
Унинг сўзларига кўра, Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақириш орқали ва-банкка борган. РФ ҳеч қандай шартларсиз АЭХА миссиясини қабул қилишини билдириши ва миссиянинг Украинадан ўтишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Бундан ташқари, АЭС ва унга яқинлашиш жойларини миналардан тозалаш ҳамда станциядан РФ қўшинлари, қурол-яроғ ва техникасини олиб чиқиш зарур, дея талаб қилди Украинанинг БМТдаги доимий вакили.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши Россиянинг илтимосига биноан ўтказилди. Бир неча кун давомида Запорижжя АЭС атрофидаги ҳудудда интенсив отишмалар кузатилди. Россия ва Украина ҳужумларда бир-бирини айбламоқда.
Хитой, Франция, Буюк Британия ва АҚШ билан бир қаторда, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга доимий аъзосидир. Ҳозирда Бирлашган миллатлар ташкилотининг энг нуфузли органига раислик Хитойга тегишли.
Мавзуга оид
10:30 / 11.11.2024
РФ Запорижжя ва Миколайивга зарба берди: камида беш киши ҳалок бўлди
10:00 / 21.10.2024
РФ қўшинлари Запорижжяга ҳужум қилди: 10 киши яраланди
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
20:20 / 16.10.2024