Жаҳон | 08:43 / 12.08.2022
6119
2 дақиқада ўқилади

Германия канцлери россияликларга виза беришни бутунлай тақиқлашга қарши чиқди

Германия канцлери бундай чақириқларни ёқтирмаслигини айтди, чунки Украинадаги уруш - бу «Путин уруши». Барча россияликларни жазолаш адолатдан эмас, ЕИ аллақачон РФ раҳбариятига қарши кенг кўламли санкцияларни жорий қилган, дея таъкидлади у.

Фото: AFP

Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши сабабли РФ фуқароларига виза беришни бутунлай тақиқлаш ҳақидаги чақириқларга шубҳа билан қаради. «Бу Путиннинг уруши, шунинг учун менга бундай чақириқлар ёқмайди», деди у 11 август, пайшанба куни Берлинда бўлиб ўтган ёзги йирик матбуот анжуманида.

Шольцнинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ аллақачон Россия раҳбарияти аъзоларига нисбатан кенг қамровли санкциялар жорий қилган ва «бу давом этади». Шу билан бирга, федерал канцлер барча россияликларга нисбатан жазо чоралари жорий этишни адолатсизлик деб билишини таъкидлади. Эстония ҳукумати Эстония томонидан берилган Шенген визасига эга РФ фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлашга қарор қилди. 4 август куни Латвия Россия фуқароларига визалар беришни номаълум муддатга тўхтатди. Россия фуқароларининг ЕИ ҳудудига киришини тақиқлаш ташаббуси Евроиттифоқ ТИВ раҳбарларининг Прагадаги йиғилишида муҳокама қилинади. 

Бир кун аввал Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ЕИ ва «катта еттилик» давлатларини русларга виза беришни тўхтатишга чақирди. «Мен ЕИ ва G7 барча давлатларини русларга виза беришни тўхтатишга чақираман. Президент Володимир Зеленский буни тўғри таъкидламоқда. Россияликларнинг кўпчилиги Украинадаги урушни қўллаб-қувватламоқда. Уларни ҳурмат қилишни ўрганмагунча, халқаро чегараларни кесиб ўтиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак», — деб ёзди Кулеба ўзининг Twitter микроблогида. 

Мавзуга оид