Ўзбекистон | 08:41 / 12.08.2022
3257
2 дақиқада ўқилади

Қўқон озиқ-овқат технологияси халқаро институти ташкил этилади

Фото: Shutterstock

“Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Уммоннинг Atyab International Services компанияси муассислигида Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар институт асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида белгиланади:

  • республика иқтисодиёти ва аграр секторини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал қила оладиган, халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
  • ўқув жараёнини ташкиллаштиришга хорижий тажриба, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш, ўқув жараёнига малакали чет эллик ва хорижий таълим муассасаларида таҳсил олган, малакасини оширган халқаро тажрибага эга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш;
  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторини ривожлантириш учун жаҳон миқёсида рақобатбардош технологиялар, жараёнлар ва тармоқларни ривожлантирадиган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида мукаммал технологлар, олимлар ва бизнес раҳбарларини етиштириш;
  • юқори малакали мутахассисларни, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;
  • озиқ-овқат технологияси соҳасида амалий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда замонавий талаблар асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.

Қўқон шаҳри Мовароуннаҳр кўчаси 92-уйда жойлашган Қўқон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар техникуми бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул фойдаланиш учун белгиланган тартибда институтга берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид