Жаҳон | 13:53 / 12.08.2022
5394
2 дақиқада ўқилади

Швеция Украина учун қурол ишлаб чиқариши мумкин

Швеция Мудофаа вазирлиги раҳбарининг айтишича, мамлакат Украинага ёрдам кўрсатишнинг «уч йўналишида» – ҳарбий тайёргарлик, миналардан тозалаш ва қурол ишлаб чиқаришда иштирок этади.

Фото: Picture Alliance

Швеция мудофаа вазири Питер Хултквист қироллик Украина учун қурол ишлаб чиқариши мумкинлигини маълум қилди. «Мен буни истисно қилмайман, лекин айтишга ҳали эрта», — деди у 11 август, пайшанба куни SVT телеканалига берган интервьюсида, ўша куни Копенҳагенда бўлиб ўтган Украина учун донорлар конференцияси натижаларига изоҳ бериб.

Анжуманда 17 давлат мудофаа идоралари раҳбарлари иштирокида Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлашнинг учта асосий йўналиши – ҳарбий тайёргарлик, миналардан тозалаш ва қурол ишлаб чиқариш белгиланди. «Биз учала соҳада ҳам иштирок этмоқдамиз, аммо кейин ҳаммаси қандай амалга ошишини кўрамиз», деди Хултквист ва Стокҳолм Украина ҳарбийларини Буюк Британияда тайёрлаш дастуридаги иштирокини кенгайтириши мумкинлигини қўшимча қилди. 

Швеция вазирининг сўзларига кўра, Словакия, Полша ва Чехия аллақачон Украина учун қурол ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. «Украинага тўғридан тўғри етказиб берилиши мумкин бўлган қуролларни ишлаб чиқариш учун турли мамлакатлардаги ишлаб чиқариш линияларидан фойдаланиш ҳақида гапиряпмиз, - деди Хултквист. - Биз можаронинг чўзилишини кутяпмиз, шу сабабли ҳозиргача етказиб берилган маҳсулотлар қўшимча тўғридан тўғри ишлаб чиқариш билан тўлдирилиши керак деб ҳисоблаймиз».

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Швеция Киевга бир неча партия қурол етказиб берди. Хусусан, март ойида Стокҳолм 5000 та танкка қарши қурол жўнатилишини эълон қилди. Шу билан бирга, расмийлар Украина томонига ҳимоя воситалари, дронлар ва дурбинлар топширилишини эълон қилди. Июнь ойи бошида Швеция Украинага кемага қарши ракеталар, танкларга қарши қуроллар ва 12,7 миллиметрли милтиқлар, жумладан, ўқ-дориларни юборишга қарор қилди. 

Мавзуга оид