Жаҳон | 16:08 / 16.08.2022
40878
14 дақиқада ўқилади

Озодлик учун нималар қилинмайди! Қамоқдан шов-шувли қочишлар

Қамоқдаги инсон борки озодликка чиқиш ҳақида ўйлайди. Аксарият маҳкумлар ўз муддатини ўтаб ёки афвга муносиб кўрилиб эркинликка эришсалар, айримлари жуда антиқа усулларни қўллаб, қочиб кетишнинг уддасидан чиқади. Зиндонлар пайдо бўлибдики, улардан қочувчилар ҳам пайдо бўлган. Қамоқхоналар такомиллаштирилгани сари маҳкумлар ҳам улардан қочишнинг янги-янги усулларини топаверадилар. Америкалик киноижодкорлар томонидан яратилган “Панжара ортида” (“Побег”) сериалининг оламшумул шуҳрат қозониши ҳам бежиз эмас. Албатта, қочиш саҳнаси тасвирланган фильмлар жуда кўп ва уларда турли-туман усуллар кўрсатилган. Бироқ қамоқхоналар ҳам анойи эмас, шу боис ҳаётда у қадар ноодатий қочишлар кам иш беради.

Маълумот ўрнида: Маҳкум – айби исботланган, суд ҳукми билан маълум жазо тайин қилинган шахс. Маҳбус – ҳибсга олинган, ҳали тергов жараёнида сақланаётган шахс.

Туркиядан қочиш

Америкалик Билли Хэйес Туркияда наркотик моддалар билан қўлга тушади ва панжара ортига равона бўлади. Унинг қамоқдан қочиши унча қизиқмас. Лекин турмадан қутулиб, Туркия чегараларини тарк этиши ҳақиқий триллер. У ҳар куни сочини ҳар хил рангга бўяб кўчага чиқади ва шу йўл билан изқуварларни чалғитади. Ҳамма унинг мамлакатдан чиқиб кетишга уринишини яхши биларди ва чегараларга эътибор қаратилади. Аммо Хэйес дастлабки бир неча кунни атайлаб кутишда ўтказади ва назорат сусайиши билан қайиққа тушиб денгиз орқали Греция сари йўл олади. Тўфонларда қолиб кетса-да, соғ-саломат қирғоққа чиқади ва АҚШга жўнайди.

Туркия жиноятчини қайтаришни талаб қилади, аммо АҚШ бунга кўнмайди ва Билли Хэйес хотиржам ҳаёт кечираверади. Воқеанинг энг эътиборли жиҳати Билли ўзининг қочиши тафсилотларига бағишлаб китоб ёзади ҳамда машҳурликка эришади. Китоб асосида “Ярим тундаги экспресс” фильми ишланади ва бу киноасар ҳам шуҳрат қозонади.

Вьетнам даҳшати

Замонавий дунё тарихидаги энг қонли урушлардан бири АҚШ-Вьетнам урушидир. Умуман мантиқсиз ва аниқ мақсадсиз бу урушга АҚШнинг жуда катта ресурси сарфланган ҳамда кўп қурбонлар берилган. АҚШ аскари учун вьетнамликлар қўлига асир тушиш ҳақиқий даҳшатнинг ўзгинаси эди. Чунки қийноқлар шу даражада оғир, тутқунликдан қочиб кетиш эса мутлақо иложсиз бўлган.

Америкалик учувчи Дитер Денглер озодликда ҳам турли қулфларни, кишанларни очишда моҳир эди. 1966 йилда унинг самолёти уриб туширилиб, ўзи асирга олинганида мана шу ҳунари иш беради. У ўзи ва бир неча дўстини қийнаб турган қандала ва кишанларни амаллаб ечишнинг уддасидан чиқади. Жами 7 киши бўлган америкалик аскарлар соқчиларнинг қуролларини ўғирлаб жунглига қочишади. Озодлик янги синовларни тайёрлаб турган эди. Улар 23 кун давомида тропик ўрмонда кучли жазирама, очлик ва газандалар орасида қолиб кетишади. 7 нафар аскардан 5 нафари азобларда жон беради, Денглер ва бир дўсти тирик қолади. Улар амаллаб АҚШ базасига етиб боришади ва Вьетнам қамоғидан қочган илк аскарлар сифатида тарихда қолишади.

“Бутирка” деворининг забт этилиши

Россиянинг Бутирка қамоқхонаси жиноят оламида анча машҳур. Қадимий бу масканда жуда кўплаб донг таратган маҳкумлар сақланган. Хонадонлар ўғриси Виталий Островский 2010 йилда бу машҳур қамоқхонадан жуда оддий усулда қочиб кетишга муваффақ бўлади. Кунларнинг бирида уни ҳаммомга олиб бориши керак бўлган соқчи қуролсиз келади. Островский анча вазмин маҳкум бўлгани учун унга кишан ҳам тақишмайди. Лекин у ўша битта имкониятни кутганди ва дарҳол соқчини ағдариб ташлаб ҳали ёпилиб улгурмаган эшик орқали ҳовлига қараб қочади. Ҳамма Островскийнинг 4,5 метр баландликдаги девор ёнигача боришини ва қўлга тушишини билиб кула бошлайди. Аммо кўпчилик кўз ўнгида Виталий худди ўргимчакдек деворга тирмашади ва уни ошиб ўтади. Вовуллаган итлар ҳам, соқчилар ҳам ичкарида қолиб кетади. Дарвозалар очилиб, ичкаридан чиқиб келгунларига қадар Островский яширинишга улгурганди.

Қочиш ва “Форд”ни олиб қочиш

1930 йилларнинг энг машҳур бандитларидан бири бўлган Жон Диллинжер қамоқлардан қочиш бўйича ҳам шуҳрат қозонганди. 1934 йилда у қатор банкларни ўмарганидан кейин қўлга олинади ва Иллинойс штатидаги ўта хавфли жиноятчилар сақланувчи қамоқхонага жойланади. Турма ўз соқчиларидан ташқари полиция ва миллий гвардия томонидан ҳам қўриқланарди.

Диллинжер совун қолдиқларидан ўйинчоқ тўппонча ясайди ва уни этикларни бўяйдиган гуталин билан қора рангга бўяйди. Имконият туғилиши билан у тўппончаси ёрдамида соқчини гаровга олади ва қочишга муваффақ бўлади. Озодликка чиқиши билан у яна бир ҳунар кўрсатади: шерифнинг “Форд” автомобилини ҳам ўғирлайди ҳамда узоққа қочиб кетади. Аммо унинг ортидан ФҚБ агентлари тушади ва улар гангстерга ортиқча мулозамат кўрсатмасдан отиб ташлашади.

Режиссер Майкл Манн бу воқеалар асосида “Джонни Д.” номли фильм ишлаган.

Озодликка карам тўла бочка орқали

Чор Россияси даврида мухолифатнинг жанговар аъзоси бўлган Михаил Гершуни 1904 йилда Сибирга умрбод сургун қилинади. Каторгада маҳкумлар учун карам тузланар ва қишга сақлаб қўйиларди. Шериклари ёрдамида Михаил ана шундай бочкалардан бирига тушиб олади. Дўстлари унга нафас олиш учун трубка ва кимдир бочкага қилич санчиб текшириб кўриши мумкинлигини ҳисобга олиб, темир қалпоқ ясаб беришади.

Бочкани чиндан ҳам олиб чиқиб кетадилар. Бироқ Михаил Гершуни кечаси билан бочка ичида букилганича, аччиқ карам ичида қолиб кетади. Ўта ноқулай ҳолат ва даҳшатли ҳидга чидай олмаган Гершуни охири чидолмай елкаси билан бочкани бузиб чиқади ва ўрмонлан ичига яширинади. Йўл топиши билан ударҳол Япония томон йўл олади. Японияда ҳам тўхтамайди, амаллаб етиб олганидан кейин ҳужжат тайёрлаб АҚШга жўнайди ва шу билан ўз юртига қайтиб келмайди.

Освенцимдан қочиш

Венгриялик Альфред Ветцлер ва Рудольф Врба Освенцимдан қочишнинг уддасидан чиққан жуда оз сонли яҳудийлардандир. 1944 йилда, яҳудийларни ўлдириш оммавий тус олган бир пайтда улар қулай фурсатни кутишади ва тўрт кун давомида ўтинхонадан чиқмай ўтиришади. Бу пайт ичида бошқа маҳбуслар итларни чалғитиш учун сигарет қолдиқларига бензин сепиб ҳар жойга ташлаб чиқишади. Тўрт кун ичида уларни қидирган соқчилар тинчланиши билан икковлон лагер ҳудудини тарк этишади.

Бу қочишнинг яна бир аҳамияти шунда эдики, улар Освенцимнинг тўлақонли харитасини чизиб беришади. Газ камераларининг ишлаш хусусиятини, умуман лагер фаолияти кўрсатилган 32 саҳифали ҳисобот топширишади. Кейинчалик бу ҳужжат “Освенцим протоколлари” сифатида лагер борлигининг дастлабки исботларидан бири сифатида тарихга киради.

Фанера ёрдамида парвоз

Собиқ иттифоқ деярли барча йирик қурилишларда маҳкумларни ишлатган. Москва давлат университетининг асосий биноси қурилиши 1952 йилда якунланган. Унда ҳам меъморликка алоқадор минглаб маҳкумлар жалб қилинади. Уларни ҳар куни юқорига олиб чиқиш ва тушиш муаммо бўлгани учун 24- ва 25-қаватларда лагер пункти ташкил қилинади.

Ўша юқорида сақланган маҳкумлардан бири, тарихда номи қолмаган инсон фанерадан дельтаплан ясайди ва юқоридан учиб тушади. Парвоз натижаси ҳақида турлича маълумотлар бор. Расмийсида у ҳаводаёқ отиб ташланади. Яна кимдир унинг ерга қулаб абжағи чиққанини айтган бўлса, кўпчилик қочқиннинг қурилиш майдонидан анча узоққа қўнгани ва қочиб кетганини билдирган.

Алькатрас ҳам чикора

Сан-Франциско яқинидаги тошлоқ орол – Алькатрас Николас Кейж ва Шон Коннери иштирокидаги “Қоя” фильмидан кейин яна ҳам машҳур бўлиб кетган. Ўта хавфли жиноятчилар, ҳатто Аль Капоне ҳам сақланган бу тош турма фақат бир марта қочиш билан тилга тушган. №1441 рақамли маҳкум Фрэнк Моррис жуда кўп жиноятлар – наркотиклар сақлаш, қуролли босқинчилик ва бошқа қатор қамоқхоналардан қочиш ортидан шу ерга жўнатилганди.

Лекин Моррис бу ерда ҳам қочиш фикридан қайтмайди ва уч шериги билан темир қошиқ ёрдамида ҳар куни турманинг тош деворларини ўйишга киришади. Деворни тешиш ва Лаҳм ковлаш учун икки йил вақт кетади. 1962 йилнинг 11 июнида, ҳаммаси тайёр бўлгач, маҳкумлар ўз ўринларига олдиндан ясаган қўғирчоқларини ётқизишади ва камерани тарк этишади. Вентиляция шахтасига етиб борган тўртовлон сувга шўнғиб, йўқолиб кетади. Турма маъмурияти ўз айбларини қисман бўлса-да ювиш учун уларни чўкиб кетган дея расмийлаштирадилар. Аммо жасадлар топилмагани қочиш муваффақиятли якунланганидан даракдир.

Миттивой ва 1,5 километрлик лаҳм

“Синалоа” наркокартели етакчиси, мексикалик Хоакин Гусман 1993 йилда қўлга олинди ва 20 йилга ҳукм қилинди. Аммо 2001 йилда у ташқаридаги ҳамтовоқлари ёрдамида қочишга муваффақ бўлди. Гусманнинг боши учун АҚШ 5 млн ва Мексика ҳукумати 3,8 млн доллар мукофот тайинлайди.

2014 йилда Гусман яна қўлга олинди ва қамоққа тиқилди. 2015 йилда Миттивой қайта қочишга муваффақ бўлди ва бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Чунки у энг қаттиқ қўриқланувчи турманинг ичигача ўйиб кириб борилган, чуқурлиги 20 метр, узунлиги 1,5 кмлик лаҳм дан мотоцикл миниб қочиб кетганди. Аммо у 2016 йилда яна қўлга олинди ва бу сафар панжара ортига умрбод равона бўлди.

“Шоушенкдан қочиш”дан илҳомланиш

2021 йилнинг 6 сентябрга ўтар кечаси Исроил полицияси, «Шин-Бет» хавфсизлик кучлари, чегарачилар ва армия махсус отрядлари оёққа туради. Чунки мамлакатдаги энг жиддий қўриқланадиган ва “сейф” номини олган “Гильбоа” қамоқхонасидан 6 нафар маҳбус қочганди. Улар қамоқхона камерасидан лаҳм қазиб, қочиб кетишган.

Камерадан қазилган тоннел қамоқхона деворидан унча узоқ бўлмаган даладан чиққан. Бир одам сиғадиган кенгликда бўлган махфий йўлни қамоқдан қочган 6 нафар фаластинлик занглаган қошиқ ёрдамида қазиган. Улар қошиқни назоратчилардан плакат орқали яширишган (худди “Шоушенкдан қочиш” фильмидаги қаҳрамон тоннелни плакат билан яширгани каби). Маҳбуслар соат 03:30 атрофида қочиб кетади. Уларни тонг саҳар ерини суғораётган деҳқон кўриб қолиб, полицияга мурожаат қилади. Шундан кейин қамоқхонадагилар маҳбуслар қочиб кетганини билиб қолишади.

Қочганлар орасида Фаластин озодлиги ҳаракатининг “Ал Ақсо мужоҳидлари бригадаси” қаноти дала қўмондони Закариё Зубайдий ҳам бўлган. Қочганларнинг барчаси битта камерада бўлган ва улар йўқлигини саҳар соат 04:00 да билиб қолишган.

Зубайдий ва одамлари қамоқхона камерасидаги унитазни олиб, пастини тешиб, умумий дренаж тизимига тушиб олишган ва қўлбола ҳисоб-китоблар ёрдамида далага чиқадиган йўлни топиб, камида икки ой давомида лаҳм қазиган.

Қочиб кетган барча фаластинликлар бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Қочганлар ичида энг машҳури Закариё Зубайдий фаластинликлар орасида қаҳрамондек қабул қилинади. У 2000-2005 йилларда давом этган, Исроилга қарши амалга оширилган Фаластинни озод қилиш ҳаракатининг рамзи бўлган. Зубайдий 2007 йилда қидирувга берилган ва 2019 йилда қўлга олинган. Қолган 5 фаластинлик ҳам Зубайдийнинг одамлари бўлган. Аммо тез орада улар қайта қўлга олинади ва қаттиқ қийноқларга солинади.

Буюк қочиш

Иштирокчилар сони, тайёргарлик ҳажми ва таваккалчилик жиҳатдан ҳеч бир қочиш иккинчи жаҳон уруши пайтидаги “Буюк қочиш”га тенг келмайди. Немисларнинг Stalag Luft III лагеридан қочиш учун 600 нафарга яқин асир ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишади. Улар қатъий жадвал асосида Лаҳм қазишади, яшириниб ишлаётганлар ўрнини ер устидаги бошқа асирлар билдирмай туришади. Улар 9 метр чуқурликда шартли номлари “Том”, “Дик” ва “Гарри” деб номланган учта лаҳм қазишга муваффақ бўладилар, режа бўйича бу тоннеллар ўрмон ичидан чиқиши керак эди. Қизиғи шундаки шунча одам қатнашса-да, ораларидан сотқин чиқмайди, сир сирлигича қолади.

1944 йилнинг 24 мартида фуқаролик кийимини кийиб олган совет аскарлари Лаҳм га бирма-бир тушиб охирги нуқтани тешиб чиқадилар ва қоча бошлайдилар. Аммо улар ўлчовда адашган эди ва сўнгги нуқта, ўрмон эмас соқчилар назоратидаги ҳудуд бўлиб чиқади. 76 киши билдирмай чиқиб кетган бўлса-да, 77-асир сезилиб қолади ва ҳаммаси барбод бўлади. Ғазабга минган фашистлар асирларни тутиш учун катта куч ташлашади ҳамда уч нафар бахтли шахсдан бошқа барчасини қўлга оладилар.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид