Хитой Тайваннинг етти нафар сиёсатчисига санкциялар жорий қилди
ХХР расмийларининг норозилигига беш нафар америкалик конгрессменнинг Тайванга ташрифи сабаб бўлди. Пекин АҚШни Тайван бўғозидаги барқарорликка атайлаб путур етказаётганликда айблади.
ХХР ва Тайван ўртасидаги кескин муносабатлар фонида Хитой етти нафар тайванлик сиёсатчи ва маъмурият аъзоларига нисбатан санкциялар жорий қилди. «Синхуа» агентлигининг 16 август, сешанба куни хабар беришича, Тайваннинг АҚШдаги вакили Сяо Мэйцин ва «Миллий хавфсизлик кенгаши» котиби Гу Лисюн ҳамда бошқаларга нисбатан санкциялар қўлланилган.
Қора рўйхатдаги ушбу ва бошқа шахсларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига Хитойнинг қитъа қисмига ҳамда ХХРнинг Ҳонгконг ва Макао махсус маъмурий туманларига кириши тақиқланди, улар билан бизнес алоқаларига йўл қўйилмайди. Пекин санкцияларга учраган шахсларни ташқи кучлар билан ҳамкорлик қилаётган «айирмачилар» деб атади ва АҚШни Тайван бўғозидаги барқарорликка атайлаб путур етказаётганликда айблади.
ХХР ҳукумати бир кун аввал Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэн демократ сенатор Эд Марки бошчилигидаги беш нафар америкалик конгрессменни қабул қилганидан кейин санкциялар киритди. Конгрессменлар ташрифи АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифидан икки ҳафта ўтиб амалга оширилди. Пелосининг ташрифидан сўнг Хитой армияси Тайван яқинида бир қатор ҳарбий машғулотлар ўтказди. 15 август куни янги машқларга тайёргарлик эълон қилинди.
Хитой Тайванни исёнкор провинция деб ҳисоблайди, бошқа давлатларнинг бу орол билан расмий алоқаларига қатъий қарши чиқади ва Тайванни ХХРга мажбуран қўшиб олиш билан таҳдид қилади. АҚШ ҳам расман «ягона Хитой» сиёсатини олиб бормоқда. Шу билан бирга, Тайван ўзини мустақил давлат деб билади.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024
Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
16:03 / 11.11.2024