18 август куни Украина ғарбидаги энг хавфсиз вилоятлардан бири бўлиб қолаётган Лвивда катта дипломатик учрашув ўтказилди. Украина президенти Володимир Зеленский Туркия етакчиси Ражаб Эрдўған ва БМТ бош котиби Антониу Гутерришни қабул қилди. Уч томонлама учрашувда асосий масала Украина – Россия музокаралари ҳамда Запорижжя АЭС атрофидаги кескинлик бўлди.
«Анқара Украина томонда»
Сиёсатчиларнинг қўшма матбуот анжуманида Туркия президенти Эрдўған «Анқара Украина томонда» бўлишини айтди. Туркия НАТОнинг бошқа аъзоларидан фарқли ўлароқ Россия билан алоқаларни узгани йўқ, иқтисодий санкцияларга ҳам қўшилмади. Аммо Украинага қарши агрессияни қоралаб, рус кемалари учун Қора денгиздаги бўғозларни ёпиб қўйди. Анқара уруш ҳолатида бундай қилишга ҳақли.
Анжуманда Эрдўған ҳам, Гутерриш ҳам музокараларнинг зарурлигини таъкидлашди. Украина президенти эса Россия билан фақат руслар эгаллаб олган жойларидан чиқиб кетсагина музокара ўтказиш мумкинлигини айтди. Эрдўған тез фурсатда асирларни алмашиш бўйича Россия президенти билан келишишга уриниб кўришга тайёр эканини айтди. Шунингдек, Эрдўған Лвивдаги учрашув якунларини Путин билан муҳокама қилишини таъкидлади.
Анжуманда яна бир янгилик айтилди. Украин ОАВларининг ёзишича, БМТ бош котиби Оленивка қамоқхонасидаги портлашни ўрганиш миссиясига бразилиялик генерал раҳбарлик қилишини айтган.

Гутерриш билан нималарни гаплашишди?
Зеленский ва Гутерриш деярли кун давомида турли кўринишда мулоқотлар ўтказди. Аввалига Зеленский Telegram-каналида БМТ бош котиби билан учрашгани ҳақида ёзди, аммо тафсилотларни очиқламади. Кейинчалик Зеленский ва бош котиб Украина донини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилгани маълум бўлди.
22 июл куни Истанбулда БМТ ташаббуси билан Украинада тўпланиб қолган донни учта порт, хусусан Одессадаги порт орқали олиб чиқишни тиклаш борасида келишув имзоланди. Украина дон етиштириш бўйича дунёда етакчи давлатлардан ҳисобланади ва уруш сабаб 22 миллион тоннадан ортиқ тайёр дон экспорт қилинмай қолаётган, бу дунёдаги озиқ-овқат занжирига салбий таъсир кўрсатаётганди.
Истанбулдаги келишувда воситачилар иккита шартнома имзолашди: Россия билан алоҳида, Украина билан алоҳида. Шундан кейин Украинадан дон маҳсулотлари экспорти тикланди. 18 август ҳолатига кўра Украина портларидан дон ортилган 25 та кема сузиб кетган. Гутерриш БМТ қишда дон ортилган янада кўпроқ кемалар денгизга чиқишига ёрдам беришини айтди.
















