16:00 / 20.08.2022
17895

Турфа тақдирлар. Бир қўл билан ҳам бахтли яшаётган матонатли аёл

Қудратхон Тешабоева бир қўл билан дунёга келди. Кўп машаққатларни бошидан кечирган аёл ҳаётда ўз ўрнини топишга интилди ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Бир қўли билан 5 ўғилни вояга етказди.

II гуруҳ ногирони бўлган Қудратхон опа Фарғона вилояти Боғдод тумани Дўрманча қишлоғи Раҳмонобод маҳалласида яшайди. 53 ёшли матонат соҳибаси ўтган йили Жасорат медали билан тақдирланди.

Қудратхон опа сопол буюмларга нақш чизади. Томорқасига мевалар эккан. Иссиқхонада бодринг, помидор, қалампир етиштиради. Сигир боқади.

“Онам дунёга келганимда жуда хурсанд бўлган экан. Йўргак ичида онам аввалига бир қўлим йўқлигини пайқамаган.

Ҳеч ким ногирон фарзанд катта қилмасин. Туғуруқхонада фарзандингиз бир қўл билан туғилди, дейишганида онам стресс ҳолатга тушиб қолган экан. Қаршиликларга қарамай онам мендан воз кечмади. Мендан кейин 3 нафар укам туғилди. Яратганга шукр, уларнинг етти мучаси соғ.

Онамни хафа қилган кунларим ҳам бўлди. Нега укамларим соғлом, мен қўлсиз туғилдим, дея. Онам бунга жавобан барчаси Яратганнинг инояти экани, ҳар бир ҳолатда ҳикмат борлигини кўп бора такрорлар эди.

1-синфга чиққанимда оиламиз бошига мусибат тушди. Отам автоҳалокатда ҳалок бўлди. 8-синфни тамомлаб, ногиронлар ҳунар-техника билим юртида бухгалтерия йўналишида ўқидим. Ўқишни тамомлаб, Риштон тумани ҳокимлигида ишладим. Турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғимдан розиман. Ногиронлигимга қарамасдан мард бўлиб мен билан оила қурганига...

Тақдиримдан нолимайман. Кўча-кўйда ҳаётдан нолиганларни кўриб қолгудек бўлсам, уларга насиҳат қиламан.

2013 йилда мана шу 10 сотих ерни 10 миллион сўмга сотиб олдим. Аввал бу ерлар қип-қизил дашт эди. Одамлар сувсиз ташландиқ жойда шундай мевалар пишади деб ўйламаган эди. Ерини менга сотган Умар тоға ҳам томорқасини кўриб, боғ-роғ бўлиб яшнаб кетганига ишонмади.

Айрим сабабларга кўра турмуш ўртоғим билан ажрашдик. Қўлимда 5 ўғил билан қолдим. Бир қўлим билан ўтирган уйимни қурдим. Ҳали у пайтда болаларим ёш гўдак эди. Қийин бўлса-да, барини уддаладим. 4 йил шиферсиз уйда яшадик. Ёмғир ёғса, ҳатто пиёлаларгача териб қўярдим, чакки полни ҳўл қилмасин деб.

Вақт ўтиб томимизга шифер ҳам қоқтирдик. 20 кун бўлди. 11 миллион 200 минг сўмга сигир боласини сотдим. Ҳалол топилган пулга уйимга уста солдим. Энди эса уйимни таъмирдан чиқаряпман.

Уйимда ҳар доим сигир бўлган. Онам фермада ишлагани учун ҳам қорамол боқишга болаликдан қизиқаман. Уйда сигирингиз бўлса, давлатнинг ёғига қараб қолмайсиз-да. Сариёғда овқат ейсиз. Қаймоқда шўрва қилиб ичасиз. Болаларим уйқудан уйғонгунича сигирни соғиб, қаймоғини дастурхонга қўяман. Сариёғ сотиб, пулига рўзғорга харажат қилиб келаман. Икки банка сариёғ сотиб, 1 кг гўшт ва яна гуруч майда-чуйда кўтариб келаман уйга.

Тўғри, дунёда бир қўлли бўлиш ёмон. Давраларда борганда қийналасиз. Ҳеч кимдан кам бўлганим йўқ. Кўча-кўйда айрим кимсалар хафа бўлиб қолишимни ўйламай ногиронлигим ҳақида гапириб қолишса, қўлим йўқлигини ўшанда ҳис қиламан.  

Яратганга шукр, овқатни бир қўл ва бир оёқда қиламан. Агар чап оёғим ишламаса, мен бу дунёда йўқ ҳисобман. Оёғим қўл ўрнида ишлайди. Чок тикаман. Ошга сабзи қирқаман. Манти тугаман, лағмон чўзаман.

Биринчи фарзандим туғилганида, сесканганча врачларга юзланиб, фарзандимнинг қўли борми, дея сўрадим. Берган саволимдан шифокорлар йиғлаб юборишган. Ўғлимнинг жажжи қўлларини ушлаб кўриб, ҳушимдан кетиб қолибман. Қўлсиз туғилганим боис ҳар бир фарзандим туғилганида энг биринчи уларнинг қўли бор ёки йўқлигини доялардан сўрадим... Яратган фарзандларимнинг барига қўл берди...”– дейди Қудратхон Тешабоева.

***

Қудратхон опа икки фарзандини уйлади. Бири уста, яна бири ҳарбий. Ўғилларидан бири Кореянинг нуфузли олийгоҳларидан бирига ўқишга қабул қилинган. Матонатли аёлнинг эндиги ўй-хаёли ўғлини четга жўнатишга кетадиган маблағни йиғишда...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top