Жаҳон | 13:04 / 21.08.2022
48191
9 дақиқада ўқилади

Инсон матонати: 76 кун океанда егуликсиз қолиб кетган муҳандис қандай тирик қолган эди?

Инсон матонати ва чидами уни ақл бовар қилмас синовлардан ҳам омон олиб чиқиши мумкин. АҚШлик Стивен Каллаҳэн ана шундай чидам ва матонатга эга инсонлардан бири ҳисобланади. У 1981 йилда Атлантика океанида 76 кун егуликсиз қолиб кетиб, ҳаёт учун курашади ва тирик қолади

1952 йилда АҚШнинг Пенсилвания штатида туғилган Стивен Каллаҳэн ёшлигидан кемасозликка қизиқади. У ўрта мактабни битиргач ҳарбий-денгиз муҳандислиги бўйича таҳсил олади.

Ўқишни тамомлагач ўз соҳасида ишлаш билан бирга турли денгиз пойгаларида қатнаша бошлайди. Шу билан бирга турли газета ва журналларда сафар таассуротларини ёзиб беради.

Бундан ташқари, турли кемасозлик компаниялари билан ҳамкорлик қилиб, уларга кичик кемалар, яхталарнинг дизайнни чизиб беради. Ҳаётида содир бўлган муҳим бир воқеагача Стивенни ҳеч ким танимаган. Аммо 76 кун Атлантика океанида егуликсиз, тирик қолгач у бутун дунёга машҳур бўлади.

Пойга ва фалокат

1982 йилда бир кишилик парусда Атлантика океанини сузиб ўтиш бўйича мусобақа ташкил этилади. Унда Стивен Каллаҳэн ҳам иштирок этади. Ўшанда у 29 ёшда эди.

Ушбу мусобақада белгиланган талаблар асосида барча денгиз саёҳати ишқибозлари қатнашиши мумкин эди.

1981 йил кузда Стивен ўзининг 6,5 метр узунликдаги «Наполеон-Соло» парусида Буюк Британияга қарашли Пензас шаҳридан сувга тушади. У ердан Испаниянинг Ла-Коруня шаҳригача боради ва шу ерда унинг паруси бузилади.

Фото: trendymen.ru

Стивен бир неча кун давомида парусни тузатади ва пойгадаги иштирокини давом эттиради.

1982 йил 29 январ куни Стивен Канар ороллари таркибига кирувчи Иэрро оролига етади ва бу ердан Кариб ҳавзасида жойлашган Антигуа оролини мўлжал олиб йўлга чиқади.

Стивен 6 кун сузгач океанда об-ҳаво ёмонлашиб, тўфон бошланади. Бу пайтда у Африка қитъаси яқинида жойлашган Яшил Бурун оролларидан 450 милл узоқликда эди.

Тўфон Стивеннинг парусига зарар етказади ва унинг ости тешилиб чўка бошлайди. Стивен парусдан махсус резина қайиқ, гарпун, иккита сув ишлаб чиқарувчи қуёш қурилмаси, навигация харитаси, озроқ сув ва егуликларни олишга улгуради.

Парус чўкиб кетганда Стивен усти ёпиладиган резина қайиқ, бироз егулик, бир неча литр сув ҳамда очиқ денгизда қандай қилиб тирик қолиш мумкинлиги ҳақида ёзилган китоб билан қолган эди холос.

Диаметри қарийб 2 метр бўлган резина қайиқ денгизнинг шўр сувида 40 кун чидаши мумкинлиги ҳақида кафолат берилган эди. Уни Атлантика океанидаги Жанубий Пассат оқимлари оҳиста суриб кетади ва Стивен очиқ денгизда чорасиз қолади.

Фото: outdoorrevival.com

Яшаш учун кураш

Стивендаги егулик ва сув тез орада тугайди. Шундан сўнг унга очлик хавф сола бошлайди. У гарпун билан балиқ тутишга уринади, аммо бу иш осон бўлмайди. Океанда балиқлар чуқурроқ жойларда бўлишади ва Стивен бор-йўғи бир нечта балиқ тутишга муваффақ бўлади.

У тасодифан резина қайиғи ичига кириб қолган қушлар ва учар балиқларни тутиб олади. Стивен балиқларни ва қушларни тириклайин ейишга мажбур эди. Бу уни денгизчиларда учрайдиган цинга касаллигидан асраб қолади.

Фото: g1.globo.com

Стивен ўзи турган жойдан бироз нарида денгиз кемалари қатнайдиган йўналиш борлигини, агар ўша ерга етса нажот топиши мумкинлигини биларди. Аммо эшкаксиз, фақат қўл билан ҳаракатланиб уёққача етиб олишнинг имкони йўқ эди. Бунинг устига Стивен оч-наҳор бўлгани учун унда куч-қувват қолмаганди.

Стивенга очликдан ташқари сувсизлик ҳам азоб бера бошлайди. У қуёш ёрдамида сув ишлаб чиқарувчи қурилма ёрдамида ҳар куни ярим литрдан озроқ сув олар ва бу Стивеннинг чанқоғини босмасди.

Стивен ишлатган сув қурилмаси жуда содда ишланган бўлиб, унинг тепаси плёнка билан ёпилган ва ости денгиз сувига тегиб турарди. Қуёш нурлари плёнка остидаги денгиз сувини парлантирар, натижада сув буғи плёнкага бориб ёпишиб, чучук сув томчисига айланарди.

Фото: pikabu.ru

Очиқ океанда қолиб кетганининг 40-кунида Стивен узоқдан катта кеманинг ўтиб кетаётганини кўриб қолади. У ҳарчанд ҳаракат қилмасин, кемадагилар Стивенни сезишмайди. Шу тариқа бир неча кун мобайнида унинг яқинидан қарийб ўнтача кема ўтиб кетади. Бироқ уларнинг биронтаси Стивенни пайқамайди. Шундан сўнг унинг умиди узилади.

Океанда юрганига 50 кундан ошганидан сўнг Стивенни очлик ва сувсизликдан кўра резина қайиқнинг ҳолати ташвишлантира бошлайди. Қайиққа 40 кун кафолат берилгани учун у исталган пайтда тешилиб, яроқсиз бўлиб қолиши мумкин эди. Аммо Стивеннинг бахтига резина қайиқ анча кунга чидаб беради.

1982 йил 20 апрел куни очиқ денгизда қолиб кетганига 76 куни бўлганда ҳолдан тойган Стивеннинг қайиғи Гвадаелупе ороллари таркибига кирувчи Мари Галант ороли яқинига бориб қолади. Бу пайтда у ҳолсизликдан ҳушини йўқотаёзган, резина қайиқда ҳаракатсиз ҳолда ётарди.

76 кун давомида Стивеннинг қайиғи оқим ёрдамида Аталантика океани бўйлаб 3300 километр (1800 денгиз мили) масофани босиб ўтган эди.

Эртаси куни Стивеннинг қайиғини маҳаллий балиқчилар пайқаб қолишади. Бир гала қушларнинг қандайдир резина қайиқ тепасида айланиши уларнинг эътиборини тортганди.

Фото: sea.wreia.us

Балиқчилар Стивенни сувдан олиб чиқиб, дарҳол шифохонага олиб боришади. Шунда у 20 килограммга озиб кетгани, денгизнинг шўр суви унинг терисини шикастлагани аниқланади.

Шундан сўнг дунёнинг энг машҳур газеталарида у ҳақда мақолалар чоп этилади. Телеканаллар у ҳақда репортажлар ва кўрсатувлар қилишади. Шу тариқа у жаҳонга машҳур бўлади.

Автобиографик асар ва фильм

Стивен уйга қайтганидан сўнг соғлигини тиклаб, ишига қайтади. Қуввати тиклангач яна яхта спорти мусобақаларида қатнаша бошлайди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:

«Сиз ўйлаганингиздан кўра кучлироқ ва чидамлироқсиз. Ўтмишда шундай ҳолатга тушиб қолган одамлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг барчаси қийин вазиятга тушиб қолганидан афсусланмайди. Шу жумладан мен ҳам. Мен мислсиз машаққатга дуч келиб ўзимни ва дунёни яхшироқ англадим».

Шундан сўнг Стивен узоқ йиллар давомида АҚШдаги кемасозлик университетларида ҳам маърузалар ўқийди. Лекциялардан бирида у талабаларга бошидан ўтказган синовларни, 30 ёшга тўлган кунини Атлантика океанида ёлғизлик ва умидсизликда, 60 ёшга тўлган кунини оққондан даволанаётганда шифохонада ўтказганини айтади.

Фото: irecommend.ru

1986 йилда Стивен океанда қандай қилиб жон сақлаб қолганини ҳикоя қилувчи асарини ёзади. Асар «76 кун денгиз асирлигида» номи билан New-York Times газетасида 36 ҳафта давомида давомли чоп этилади. Асар ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинади

Бироз ўтиб Стивеннинг асари китоб ҳолида чоп этилади ва бир неча йил давомида дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинади.

Кейинчалик, 2012 йилда режиссёр Энг Ли Стивенни ўзи суратга олаётган «Пининг ҳаёти» фильмида режиссёр маслаҳатчиси сифатида ишлашга таклиф этади. Мазкур фильмда ҳам Стивенга ўхшаб океанда узоқ вақт ёлғиз қолиб кетган ҳинд йигитининг тақдири ҳикоя қилинади.

Фильм суратга олинаётганда Стивен режиссёр ва бош ролни ижро этган актёрга узоқ кунлар давомида очиқ денгизда қандай қилиб жон сақлагани ҳақида ўз тажрибаларини ўртоқлашади.

Фото: «Пининг ҳаёти» фильмидан кадр

«Бир кун менга режиссёр Энг Ли қўнғироқ қилди ва суратга олаётган фильмида иштирок этишимни сўради. Мен мавзуни ҳам, вазифамни ҳам билмасамда дарҳол рози бўлдим. Суратга олиш майдончасига борганимдан сўнг лойиҳа ҳақида гапириб беришди. Бош қаҳрамон ролини ўйнаётган актёрга сувда ўзини қандай тутишда, саҳна безакларида ёрдам бердим. Суратга олиш тугагандан сўнг режиссёр мендан таассуротларимни сўради. Мен ғурур билан «Бу 76 кун океанда қолиб кетишдан ҳам қийинроқ бўлди» деб жавоб бердим», деган эди Стивен интервьюларидан бирида.

Гарчи Стивеннинг асари фильм қилинмаган бўлса ҳам, унинг ҳаёти ҳақида бир нечта ҳужжатли фильм суратга олинган.

Фото: Wikipedia

Бугун Стивен 70 ёшда. У ҳанузгача турли университетлар ва академияларда лекция ўқийди. Саёҳатлари битилган мақолаларни ОАВ да чоп этиб туради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид