«Титан»нинг сирли ҳалокати: батискаф корпуси муддати ўтган маҳсулотдан ясалган бўлиши мумкин
Бир асрдан ошиқ вақт муқаддам уммонга ғарқ бўлган афсонавий «Титаник» кемасининг 3800 метр тубликдаги қолдиқларига саёҳат учун йўлга чиққан «Титан» батискафи ҳалокатга учради. Сувга тушганидан икки соатга яқин вақт ўтиб «она кемаси» билан алоқани йўқотган сувости кемаси кейинчалик сув тубида портлаб кетгани маълум бўлди.
Батискаф ҳалокатидан бери икки ҳафта ўтди, аммо ҳалокат ҳақидаги турли тахминлар тарқалишдан тўхтамаяпти. Журналистлар ушбу батискафга алоқадор ҳар қандай одамдан ҳалокат сабабларини суриштирмоқда.
Муддати ўтган маҳсулот
Washington Post нашри ҳалокатга оид шов-шувли маълумот эълон қилди. OceanGate компанияси бош директори, ҳалокатга учраган батискаф ичида бўлган Стоктон Раш журналист Арни Вайсманн билан суҳбатда «Титан»ни ясашда муддати ўтган маҳсулотдан фойдаланганини тан олганди.
Раш Travel Weekly журнали бош муҳаррири Арни Вайсманн билан ҳалокатдан бироз аввал гаплашган. Қизиғи, Вайсманн ҳам ҳалокатга учраган батискаф ичида бўлиши мумкин эди. Аввалига журналист май ойидаги экспедицияда иштирок этишга рози бўлади, аммо ёмон об-ҳаво сабаб бу саёҳат амалга ошмайди. Июн ойидаги кейинчалик ҳалокатга учраган экспедицияда эса журналист режалари ўзгариб қолгани сабаб иштирок эта олмайди.
Арни Вайсманн WP мухбири билан суҳбатда «Титан» ҳалокатидан бироз аввал Стоктон Раш билан гаплашганини айтган. Унинг эслашича, Раш суҳбат давомида Boeing компаниясидан «самолётларда фойдаланиш учун муддати ўтган» углеродли толани «яхши чегирма билан» сотиб олганини айтган. Вайсманн бу муаммо туғдирмайдими, деб сўраган. Раш эса ҳаммаси жойида эканини айтган.
«Афсуски, унинг характери шунақа. Одамлар бу ҳаракати учун ҳақли тарзда танқид қилишади. Чунки у қилган ишига жавоб бериши керак», дейди бу ҳақда журналист.
«Титан»ни уммондан олиб чиққан «Одиссей»
Батискаф ҳалокатга учрагани маълум бўлгач, унинг қолдиқларини олиб чиқиш ишлари бошланди. Бунинг учун эса масофадан туриб бошқарилувчи «Одиссей» батискафи жалб қилинди. «Титан» қолдиқлари Атлантиканинг 3600 метр тубида, «Титаник» қолдиқларидан 500 метр узоқликдан топилди.
АҚШ океанография институти илмий ходими Энди Боуэннинг сўзларига кўра, «Титан» қолдиқларини олиб чиқиш учун қутқарувчи батискафни сув юзасидаги кемага тросс ёрдамида боғлашган. Шунингдек, троссни сув остидаги қолдиқларга боғлаш учун робот жалб қилинган. Боуэн бунчалик чуқурликдан батискаф қолдиқларини олиб чиқиш жуда мураккаб вазифа эканини айтган.
Видеоўйинлар учун пулт
Ҳалокатга учраган «Титан» видеоўйинлар учун мўлжалланган Logitech F710 пултида бошқарилиши кўпчиликни ҳайратда қолдирди. 2010 йил ишлаб чиқарилган ва блутуз орқали ишлайдиган бундай пултни интернет дўконларда 30 долларга сотиб олиш мумкин.
Шунингдек, батискафда оддий қурилиш қувурларидан балласт сифатида фойдаланилган, кема ичи эса оддий компютер дисплейлари билан жиҳозланган.
Микроёриқлар
Уммон тубида ҳалокатга учраган батискафни кўздан кечирган экспертларнинг айтишича, унинг корпусида бир нечта микроёриқлар аниқланган. «Титан» корпуси эса катта эҳтимол билан юқорида айтилган Boeing’дан арзонга сотиб олинган ва самолётлар фойдаланиш учун муддати ўтган углеродли толадан ясалган. Плимут университети доценти Яспер Грэм-Жонс бу ёриқлар «Титан» кўп марта фойдалангани сабаб пайдо бўлганини тахмин қилган. Батискаф ҳар сафар сувга тушганида ёриқлар кўпайиб борган. Айнан ёриқлар сабаб батискаф корпуси сув остидаги катта босимга дош бермаган бўлиши мумкин.
Доцентнинг тахминича, ҳалокатга электр носозлик, коррозия, ёнғин ёки ҳар қандай сув сизиши сабаб бўлиши мумкин эди. Грэм-Жонс ёриқлар батискаф корпусининг материали «чарчагани», яъни уриниб қолгани сабаб юзага келганини айтган.
«Микроскоп остида батискаф материали уриниб қолгани, шунингдек, ёриқлар йўналишини ҳам кўриш мумкин», деган олим.
Маълумот учун, «Титаник» чўккан 3800 метр чуқурликда босим 400 атмосферани ташкил қилади. Бу тахминан бир квадрат дюймга 2,7 минг кг босим тўғри келади дегани.
Батискаф корпуси айнан сув тубидаги даҳшатли босимга дош бериши учун махсус датчиклар билан жиҳозланган композит тарзда ясалган. Австралиялик мутахассис Эрик Фузилнинг айтишича, бу муҳофазага қарамай, батискаф ҳар қандай кичик носозлик сабаб 40 миллисекунд ичида портлаб кетиши ҳеч гап эмас.
New York Times 2 июл куни эълон қилган ҳисоботида «Титан»нинг афсонавий «Титаник» кемаси томон амалга оширган аксар экспедициялари муваффақиятсиз чиққани ҳақида ёзган. Унда айтилишича, аввалги шўнғишларда иштирок этган аксар сайёҳлар «Титаник»ни кўра олмаган. The Times нашри эса OceanGate «Титан»нинг шўнғишни амалга оширган уринишларидан бекор қилинганлари кўплигини маълум қилган.
Огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилган
«Титан»да яна бошқа кўплаб хавфсизлик талабларига зид бўлган камчиликлар бўлгани айтилмоқда. Масалан, BBC батискаф тўлалигича ташқаридан болт билан маҳкамланганига эътибор қаратган. Яъни, у бир амаллаб сув юзасига чиқиб олганда ҳам одамларни чиқариш учун болтлар ташқаридан очилиши керак. Бундай ҳолатда сув тубидан кўтарилган экипаж шунчаки ҳаво етмай ўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.
2018 йил Ocean Gate'нинг денгиз операциялари бўйича директори вазифасида ишлаган Дэвид Локриж кема хавфсизлик бўйича қўшимча синовлардан ўтиши кераклигини айтиб ҳисобот тайёрлаган. Унда айтилишича, «Титан» экстремал чуқурликкача тушганда экипаж учун хавфсиз бўлмай қолади. Шунингдек, сувости кемасининг кўриш ойнаси 1300 метр чуқурликкача ишлаш имконини бериши таъкидланган.
Бу ҳисоботидан кейин компания Дэвид Локрижни ишдан бўшатади. Ўша йили Америка денгиз технологиялари жамиятининг 38 нафар аъзоси OceanGate раҳбари Стоктон Рашга сувости кемаси хавфсиз эмаслиги ҳақида хат юборади.
Хавфсизлик талабларини ёқтирмаган Раш
OceanGate тадқиқот компанияси раҳбари, «Титан» билан ҳалокатга учраган Стоктон Раш ўз чиқишлари давомида кўп марта хавфсизлик талаблари кўплиги инновация учун тўсиқ бўлишини айтиб келган. Унинг фикрича, турли стандартлар кемалар классификацияси жараёнини секинлаштиради. «Титан» сувости кемаси мана шундай тегишли классификация олмаган.
Унинг бортида сувга шўнғиган саёҳатчилар батискаф давлат томонидан берилган ҳеч қандай лицензияга эга эмаслигидан огоҳлантирилган. «Титаник»ни кўриш учун ҳар бири 250 минг доллар тўлаган сайёҳлар сув тубида содир бўладиган ҳар қандай кўнгилсизликни ўз гарданига олган ҳолда сувга тушаётгани ҳақида тилхат ёзиб берган. Аммо компания сайтида «Титан» корпуси жуда мукаммал қилиб ясалгани, у етарлича хавфсиз экани айтилган.
Мавзуга оид
19:53 / 26.11.2024
NASA Сатурн йўлдошига ўз миссиясини учиради
00:43 / 13.09.2024
Аляскада круиз кемаси улкан муз бўлаги билан тўқнашиб кетди
12:00 / 16.06.2024
Евросиё бўйлаб Тинч океанидан Атлантика океанигача – дунёнинг энг узун темирйўл йўналишлари қаерда жойлашган?
21:20 / 16.03.2024