1912 йил апрел ойида Буюк Британиядан Нью-Йоркка илк сафарини амалга ошираётган афсонавий «Титаник» кемаси Атлантика океанида чўкиб кетган. То 1985 йилгача «Титаник» кемаси айнан қаерга чўккани номаълум эди.
Кема қолдиқлари қандай топилади ва ким эгалик қилади?
«Титаник» сув остига чўкиб кетган ягона кема эмас. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунё бўйлаб камида минг йилликлардан бери сув остига чўккан 3 млн кема қолдиқлари бор. Ҳисоб-китобларга кўра, океан остида 60 млрд доллар атрофидаги қимматбаҳо буюмлар ётибди.
Агар тадқиқотчи сувостидан кема қолдиғини топиб оладиган бўлса, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиши ва кейинги тадқиқотларни рухсатнома билан давом эттириши лозим бўлади. Сабаби ўзбошимчалик сабаб тарихий ёдгорликка зарар етиши, унинг археологик қиймати йўқолиши мумкин.
Лекин ҳали-ҳануз инсонлар кема қолдиғи топган одамники деб қараш, унинг ичидаги нарсаларга бемалол тега олиш мумкин деган фикрлар мавжуд. Бу эса сувостидаги ёдгорликларни хавф остига қўяди.
«Титаник» қандай топилган?
1985 йилда Роберт Баллард ва Жан Луи Мишел бошчилигидаги Америка экспедицияси «Титаник» кемаси қолдиқларини Ньюфаундленд ороли соҳилидан (Канаданинг шарқий қисмидаги провинция. Атлантика океани соҳилида) 563 километр узоқликда топишади.

Тадқиқотчилар кеманинг орқа ва олд қисмлари иккига бўлинган ҳолда жойлашганини аниқлашади. Кема қолдиқлари топилганидан 12 йил ўтиб, Жеймс Кэмероннинг «Титаник» фильми ишланади.
Кема қолдиғи жойлашган ҳудуд халқаро сувлар деб тоифаланади ва, халқаро қонунларга кўра, бу турдаги топилмаларга бирор давлат айнан эга чиқа олмайди.




















