Жазирама туфайли дунё бозорида пахта нархи кескин ошди
Қурғоқчилик ва жазирама пахта нархининг ошишига олиб келди, бу эса кийим-кечак ва қоғоз нархи кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин. Дунё бозорида пахта экспортининг 50 фоизига эга АҚШ ва Бразилия муаммоларга дуч келмоқда.
Жаҳонда пахта нархи 30 фоизга ошди, бу 2011 йилдан буён рекорд кўрсаткич. Бунга ғайритабиий иссиқ об-ҳаво ва қурғоқчилик сабаб бўлди, шу боис пахта етиштириш бўйича дунёдаги етакчи давлат Ҳиндистон энди уни импорт қилишга мажбур, деб ёзди Bloomberg.
Жаҳонда пахта экспорти бўйича Бразилия иккинчи (17 фоиз), АҚШ биринчи (33 фоиз) ўринни эгаллаб турибди. Жорий мавсумда Қўшма Штатларда пахта етиштириш 28 фоизга камайди, бозор ҳажми 2009-2010 йиллар мавсумидан бери энг паст даражага тушиши кутилмоқда. Бразилияда ҳам ҳосил ҳажми 30 фоизга қисқарган.
Пахта нархининг ошиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши қатор товарлар – футболкалар, тагликлар, қоғоз, картон ва бошқа маҳсулотлар нархининг кўтарилишига олиб келиши мумкин. Американинг Children's Place кийим-кечак ретейлери бош директори Жейн Элферс инвесторлар билан бўлган суҳбатда пахта таъминотининг ҳозирги ҳолати «катта, жуда ҳам катта муаммо» эканини айтган.
Wall Street Journal маълумотларига кўра, қурғоқчилик туфайли яроқсиз ҳолга келган пахта майдонларининг улуши 40 фоизга етади. Фермерлар 12,5 миллион гектар ерга экин экишган, бироқ пахта ҳосили атиги 7 миллион гектардан йиғиб олинади. Таҳлилчилар бу йил АҚШ пахта ҳосили ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга камайишини ва ҳосил ҳажми 1868 йилдан бери энг кам бўлишини тахмин қилмоқда.
Мавзуга оид
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
15:43 / 28.09.2024
Биржада пахта нархи 11 минг сўмгача кўтарилди. Бу нимадан дарак?
12:38 / 27.09.2024