Жаҳон | 09:57 / 23.08.2022
11054
3 дақиқада ўқилади

БМТ: Украиналикларнинг деярли учдан бир қисми қочқинга айланди

Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик миграция инқирози билан бирга келади, дея маълум қилди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, 24 февралда Россия Украинага бостириб кирганидан бери мамлакатдаги 44 миллион аҳолининг деярли учдан бир қисми ўз уйларини ташлаб кетган. Бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг катта миграция инқирози. Бундай баёнотни 22 август, душанба куни БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚОКБ) маълум қилди. Энди одамларни «катта синов» кутмоқда, чунки уруш қанча давом этиши ва қишда уларни нима кутаётгани номаълум, дейилади декларацияда.

Россия Украинага шафқатсизларча бостириб кирганидан кейин ҳаммаси ўзгарди, деди Бонндаги UNO-Flüchtlingshilfe нотижорат ташкилоти раҳбари Петер Руэнштрот-Бауэр. «Шунга қарамай, украиналиклар жасоратини йўқотмади, шу жумладан Германия фуқаролик жамиятининг қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги туфайли», деди у.

UNO-Flüchtlingshilfe БМТ ҚОКБнинг немис ҳамкори бўлиб, Украинадаги одамларга шошилинч ёрдам кўрсатишни тарғиб қилади. Бироқ, шаҳар вайроналари ва фуқаролик инфратузилмасининг йўқ қилиниши сабабли, уйда қолган кўплаб украиналиклар ҳали ҳам озиқ-овқат, сув ёки дори-дармон каби асосий эҳтиёжларини қондира олмаяпти.

БМТ ҚОКБ идораси Украинада 1990-йиллардан бери фаолият юритиб, жойларда гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда. Россия томонидан бошланган уруш пайтида БМТ ҚОКБ Украинага қўшни давлатлар ҳукуматига янги келганларни рўйхатга олишда ёрдам бермоқда. Бу одамларнинг энг заиф гуруҳларини ва алоҳида эҳтиёжга эга бўлганларни, масалан, кузатувсиз болалар, қариялар, ногиронлар ва ҳаракат пайтида алоҳида хавф остида бўлган одамларни аниқлашни осонлаштиради. 

UNO-Flüchtlingshilfe маълумотларига кўра, сўнгги олти ой ичида Украинани тарк этишга мажбур бўлган қочқинларнинг қарийб 90 фоизи аёллар ва болалардир. Уларнинг ҳимоясини таъминлаш мақсадида қочқинлар ўртасида одам савдоси ва жинсий эксплуатация хавфи ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида stay safe («Хавфсиз бўл») ахборот кампанияси бошланди. Шу билан бирга, транзит ҳудудларда «кўк нуқта» деб аталадиган жойлар - оилалар, болалар ва айниқса заиф қочқинлар қисқа вақт ичида ҳимоя ҳамда ёрдам оладиган хавфсиз жойлар яратилди.

Россия президенти Владимир Путин РФнинг Украина ҳудудига ҳарбий аралашувини «махсус ҳарбий операция» деб атади. Бироқ, Ғарб учун бу шафқатсиз босқинчилик урушидан бошқа нарса эмас. Шунинг учун у Россияга қарши кенг қамровли санкциялар киритди. 

Мавзуга оид