Жаҳон | 09:10
1441
1 дақиқада ўқилади

Россия қўшинлари Изюмга ҳужум уюштирди

Россия Қуролли кучлари Украинанинг Харкив вилоятида жойлашган Изюм шаҳрига яна ҳужум амалга оширди. Дастлабки маълумотларга кўра, зарба бошқарилувчи авиация бомбалари ҳамда Shahed туридаги учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида берилган. Ҳужум оқибатида жабрланганлар борлиги маълум қилинмоқда.

Фото: AP

Изюм туман ҳарбий маъмуриятининг Telegram-каналида маълум қилинишича, ҳужум 15 июл кечаси содир этилган. Ҳозирча жабрланганлар сони ва уларнинг аҳволига оид аниқ маълумотлар келтирилмаган.

Маъмурият хабарига кўра, ҳужум натижасида фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етган. Хусусан, коммунал корхоналар мулки, қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусий уйлар ҳамда бошқа фуқаролик объектлари шикастланган ва вайрон бўлган. Шунингдек, бир нечта жойда ёнғинлар келиб чиққан.

Ҳужум вақтида шаҳарда бир неча бор ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинган.

Бу Изюмга сўнгги кунларда уюштирилган илк ҳужум эмас. Аввалроқ, 5 июл куни Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов Россия зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, камида уч нафар аёл жароҳатланганини маълум қилган эди. Уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Шунингдек, ўша ҳужумда ёнилғи қуйиш шохобчаси биноси вайрон бўлиб, бешта автомобил шикастланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид