Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда «Қийноқларга қарши қўмита» асосчисига суиқасд уюштирилди
Номаълум шахс «Қийноқларга қарши қўмита» асосчиси Игор Каляпинни ўлдирмоқчи бўлиб, унинг юзини кесиб ташлаган, деб хабар қилди президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш.
Россияда президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) аъзоси, «Қийноқларга қарши қўмита» асосчиси Игор Каляпин Нижегород областидаги уйида ҳужумга учради. «Чоршанба куни кечқурун Нижегород областида ИҲК аъзоси Игор Каляпинга номаълум шахс ҳужум қилди. У унинг юзини кесиб, бўғиб ўлдирмоқчи бўлган. Ҳамкасбимиз полицияни чақиришга улгурган, жиноятчи қўлга олинди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда», деб хабар берди ИҲК Telegram-канали 25 август, пайшанба куни. Каляпиннинг ўзи ҳужумдан сўнг мия чайқалишига гумон қилиниб касалхонага ётқизилган.
«Биз собиқ ходимнинг туғилган кунини нишонлаётган эдик, у ерда ўша одам бор эди, менга уни полициячи сифатида таништиришди. Биз ичдик, ҳаммаси яхши эди. Кейин уни уйимга таклиф қилдим, у менга ташланиб қолди. У мени ўлдирмоқчи бўлиб, томоғимни шиша бўлаги билан тешишга уринди. У адекват ҳолатда эмас эди», — деди Каляпин «Осторожно, новости» Telegram-каналига, у юзи кўкаргани ва бурни синган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, ҳужум унинг фаолияти билан боғлиқлигини билмайди, бироқ «бунинг учун кўзга кўринарли сабаблар йўқ эди». «Московский комсомолец» газетаси ўз манбасига иқтибос келтирмаган ҳолда, ҳужум қилган шахс ўзини Нижегород ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи сифатида таништирганини хабар қилди.
Игор Каляпин 20 йилдан ортиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланади, 2000 йилда «Қийноқларга қарши қўмита»ни ташкил этган. Ташкилот қийноқлар ва ғайриинсоний муносабат ҳақидаги шикоятларни текширади. Қўмита Чеченистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилиш билан ҳам шуғулланган.
2015 йилда РФ Адлия вазирлиги «Қийноқларга қарши қўмита»ни «хорижий агент сифатида фаолият юритувчи ННТ» сифатида тан олди. Ушбу қарордан сўнг қўмита юридик шахс сифатида ўзини-ўзи тугатди ва янги ташкилот – «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси» ташкил этилди. 2016 йилда янги ННТ ҳам хорижий агент сифатида тан олинди. Каляпин 2022 йилгача «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси»ни бошқарди, аммо февраль ойи бошида бу лавозимни тарк этди.
Январь ойида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида Каляпин, шунингдек, журналист Елена Милашинани «Чеченистон Республикаси ва чеченлар мавзусида пул ишлаётган террорчилар» деб атаган эди. Қодиров ҳуқуқ-тартибот идораларини «террорчиларнинг бу шерикларини» қўлга олишга чақирди. Бу сўзлардан сўнг қўмита РФ Бош прокуратураси ва Тергов қўмитасига мурожаат қилди.
Бир неча кундан кейин Каляпиннинг 84 ёшли онасининг Нижний Новгороддаги уйи эшигига «Игор Каляпин террорчиларни ҳимоя қилмоқда! Шарманда» деган плакат осиб кетилган.
Мавзуга оид
18:05 / 02.06.2026
Линколндан Трампгача: суиқасдга учраган АҚШ президентлари
22:35 / 25.05.2026
АҚШ Адлия вазирлиги Оқ уй яқинидаги отишмани Трампга қарши янги суиқасд деб атади
20:07 / 04.05.2026
Европа разведкаси: Путин суиқасддан ва Россия элитаси иштирокидаги тўнтаришдан хавфсирамоқда
20:43 / 22.02.2026