Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа разведкаси: Путин суиқасддан ва Россия элитаси иштирокидаги тўнтаришдан хавфсирамоқда
У Валдайга боришни тўхтатган ва ҳафталар мобайнида қаттиқ ҳимояланган бункерларда ишламоқда, дейилади Европа разведкаси ҳисоботида.
Фото: Antonio Masiello / Getty Images
Россия президенти хавфсизлиги учун масъул ҳисобланган Федерал қўриқлаш хизмати (ФСО) эҳтимолий суиқасдлардан хавфсираётгани туфайли Владимир Путинни ҳимоя қилиш чораларини сезиларли даражада кучайтирган. Европа мамлакатларидан бирининг разведкаси шундай хулосага келган, «Важные истории», шунингдек, CNN ва Financial Times нашрлари журналистлари ушбу ҳисобот билан танишиб чиққан.
Чораларнинг бир қисми президентнинг ўзига ҳам тааллуқли. Бундай чоралар орасида қуйидагилар бор:
- Путин ҳафталаб вақтини модернизация қилинган бункерларда ўтказади – бундай жойлардан бири Краснодар ўлкасида жойлашган (Россия нашрлари эса унинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар учун олдиндан тайёрлаб қўйилган видеоматериаллардан фойдаланмоқда).
- Путин ташриф буюрадиган жойлар рўйхати жиддий даражада қисқартирилган: унинг ўзи ҳам, оиласи аъзолари ҳам энди Москва областидаги ва Валдайдаги қароргоҳга бормаяпти.
- 2026 йилда Путин бирор марта ҳарбий объектларга бормади, ҳолбуки ўтган йили бундай сафарлар мунтазам тус олганди.
Бошқа хавфсизлик чоралари эса Путин билан ишлайдиган ходимларга тегишли:
- Унинг яқин ходимларининг уйларида кузатиш тизимлари ўрнатилган.
- Президентга хизмат қиладиган ошпаз, тансоқчи ва фотосуратчиларга жамоат транспортидан фойдаланиш тақиқланган, президент маъмурияти ҳудудида эса улар икки босқичли текширувдан ўтади, жумладан, Федерал қўриқлаш хизмати томонидан синчиклаб текширилади.
- Путиннинг ёнида ишлайдиган ходимлар фақат интернетга кира олмайдиган телефондан фойдаланиши мумкин.
Хавфсизлик чораларини кучайтириш кенг кўламли текширувларни ўз ичига олади, энди ФСО ходимлари текширишда кинология бўлинмаларидан фойдаланмоқда. Қўриқчилар дронларнинг эҳтимолий ҳужумига тезкор реакция кўрсатиш учун Москва дарёси ёқалаб жойлаштирилган. Бундан ташқари, Москванинг алоҳида районларида вақти-вақти билан алоқа тармоқлари ўчирилади, дея ёзади «Важные истории». Журналистлар таъкидлашича, Путинга алоқадор ҳар қандай ахборот эълон қилинишидан олдин Федерал қўриқлаш хизмати билан келишилиши керак.
Чораларнинг бир қисми РФ қуролли кучлари Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармасини бошқарган генерал-лейтенант Фанил Сарваров ўлдирилишидан кейин жорий этилган. 2025 йил декабрида Сарваровнинг автомобили Москвадаги уйи олдидаги тураргоҳда портлатиб юборилган, ушбу қотиллик муҳокамаси вақтида кучишлатар тузилмалар вакиллари ўртасида ихтилоф келиб чиққан, дея қайд этади Европа разведкаси.
Ҳисоботда хавфсизлик кучларининг Владимир Путин иштирокида 25 декабр куни – Сарваров ўлдирилганидан уч кун ўтиб ўтказилган йиғилиши тасвирланган. «Важные истории» ёзишича, йиғилишда кучишлатар тузилмалар вакиллари «хавфсизликни таъминлаш тизимидаги камчиликлар учун масъулиятни бир-бирига юклаган».
Хусусан, РФ қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия қўшинлари сафларида ваҳима ва тартибсизлик келтириб чиқарадиган ҳужумлардан ҳимояланишни таъминлай олмагани учун Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) директори Александр Бортниковни кескин танқид қилган. У эса ўз навбатида ресурслар ҳамда кадрлар етишмовчилигидан шикоят қилиб, идора таркибида юқори лавозимли қўмондонларни жисмонан ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган махсус бўлинма йўқлигида айблаган. Муҳокама жараёнида Росгвардия директори Виктор Золотов ҳам иштирок этган, у ўз идораси ресурсларини Мудофаа вазирлиги зобитларини қўриқлаш учун ажрата олмаслигини билдирган.
Якунда Путин йиғилиш иштирокчиларини тинчланишга чақириб, муҳокама форматини ўзгартиришни таклиф қилган ва муҳокама қилинган муаммолар бўйича бир ҳафта ичида аниқ ечимларни тақдим этиш бўйича топшириқ берган. Йиғилишдан кейин Путин Федерал қўриқлаш хизмати директори Дмитрий Кочнев билан учрашув ўтказган. Ушбу учрашув якунларига кўра кучайтирилган ҳимоя остида бўладиган шахслар рўйхати кенгайтирилган: бу рўйхатга ўнлаб юқори мартабали генераллар, жумладан, Бош штаб бошлиғининг уч нафар ўринбосари ҳам киритилган.
Европа разведкаси ҳисоботида қайд этилишича, кучишлатар идоралар вакиллари йиғилишида юзага келган зиддият Кремлда ички ва ташқи муаммолар фонида кескинлик кучайиб бораётганидан далолат беради.
Бундан ташқари, Европа разведкасига кўра, март ойи бошларидан Путин нозик маълумотлар сизиб чиқиши ҳамда фитна ёки давлат тўнтаришига уриниш рўй беришидан хавотирга тушиб қолган. Хусусан, у Россия сиёсий элитаси томонидан дронлар орқали эҳтимолий суиқасд амалга оширилишидан хавфсирайди – «эҳтимолий беқарорлаштирувчи омил» сифатида собиқ мудофаа вазири, 2024 йил майидан буён Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллаб келаётган ва «олий ҳарбий қўмондонликда сезиларли таъсирни сақлаб қолган» Сергей Шойгуни кўради.
2026 йил мартида Москвада Шойгунинг собиқ биринчи ўринбосари Руслан Цаликов ҳибсга олинганди, у жиноий уюшма тузиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳамда пора олишда гумонланган. Европа разведкаси ҳисоботида айтилишича, унинг ҳибсга олиниши элита учун махфий хавфсизлик кафолатлари бузилиши сифатида кўрилади – ва бу Шойгунинг позициясини заифлаштириб, у ҳам келгусида жиноий жавобгарликка тортилиши эҳтимолини оширади. Шу билан бирга, ҳисоботда Шойгу борасидаги даъволар учун далиллар келтирилмаган, дея қайд этади CNN. Журналистлар бундай маълумотларнинг табиати баъзи тафсилотларни текширишни қийинлаштиришини қўшимча қилишган.
CNN Кремлга изоҳ сўраб мурожаат қилган, аммо изоҳ берилмаган.
Мавзуга оид
20:43 / 22.02.2026
Трамп қароргоҳининг қўриқланадиган ҳудудига киришга уринган шахс ўлдирилди
15:15 / 11.02.2026
Россия генералига уюштирилган суиқасднинг яна бир иштирокчиси қўлга олинди
14:48 / 09.02.2026
ФХХ Алексеевга суиқасдда гумонланувчилар айбига иқрор бўлганини маълум қилди
20:49 / 08.02.2026