Дилфузахон опа Қўзиева – Фарғона ёғ-мой заводида оддий ишчи. Ёлғиз қизини 4 йил маош олмай Фарғона давлат университетида бакалавр йўналишида, 1 йил магистратурада шартнома асосида ўқитди. Ҳозирда қизи магистратуранинг 2-босқичига ўтган.

Аёл ёлғиз фарзандини ўқитиш учун кундузи заводга бориб ишлади, ҳовлисида анвойи гуллар парваришлади, далага бориб маймунжон териб келиб, кечаси соат 24:00 гача супермаркет қаршисида уларни сотди.

46 ёшли ҳамюртимиз тўрт ярим йил давомида Умра сафарига бориш учун мисқоллаб пул йиғди...

Биз опани йўқлаб у яшайдиган Фарғона тумани Аввал қишлоғида бордик. Аёлнинг кўчасига кираверишда такси тўхтаб аёл машинадан тушди. У машина багажидан 5-6 та тугунни қучиб ерга тушира бошлади. Салом-аликдан сўнг унга ўзимни таништирдим ва қишлоққа у билан суҳбатлашиш мақсадида келганимни айтдим. Опа журналист эканимни билиб, хижолатдан бир зум ўйланиб қолди...

Дилфуза опа машинадан туширилган кийимларни етим-есирларга эҳсон қилиш учун сотиб олган экан.

Қаҳрамонимиз – табиатан жуда меҳнаткаш аёл. У қизини ўқитиш учун кунлик юмушларидан ортиб, ўзгаларнинг хонадонида пешона тери билан ишлаб пул топган.

“Эрта тонгда бомдодга тураман. Ибодатни қилганимдан кейин ҳовлига чиқаман. Кечаси билан олмалар тагига тўкилган бўлади. Уларни тўғраб қоқи қиламан. Молимни далага олиб чиқаман. Товуқларга дон бераман. Озодаликни жуда яхши кўраман.

Ерга аввал картошка экдим. Ҳосилни йиғиб бўлиб орқасидан макка экиб қўйдим. Помидор экдим. Банка беркитишга ўзимиздан чиқди. Гул кўчатларни кўпайтиряпман. Саратон иссиғида ҳам бир жойдан гул кўчати олиб келиб экиб қўйсам кўкараверади.

Бу дунёда битта-ю битта қизим бор. Ўғлим йўқ. У ёшлигидан спортни танлади. Фарғона давлат университетининг жисмоний маданият факультетига ўқишга кирди. Бакалаврни тамомлаб, бироз ишлади. Магистратурага кирганида хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Контракт тўловларини қилдик. Контракт учун пулни Яратганнинг ўзи етказар экан. “Кейинги йили грант асосида ўқийман, яна топшираман” деганингиз билан бундай имконият қайтиб келмаслиги мумкин.