24 август куни —  Россиянинг Украинага босқинига ярим йил тўлганида The Washington Post газетаси Украина армияси россияликлар урушнинг илк ҳафталарида Киевни эгаллаб олишига қандай тўсқинлик қилгани ва охир-оқибат уларни пойтахт атрофидан чекинишга мажбур қилгани ҳақида катта матн эълон қилди. Бу материал 100 дан ортиқ интервью асосида тайёрланган. «Медуза» унинг асосий ва қизиқ жойларини келтирди.

Урушдан олдин украин ҳарбийлари Киевда икки қаватли мудофаа чизиғи ташкил этган

The Washington Post нашри ёзишича, босқин арафасида украин ҳарбийлари Киевни ҳимоя қилиш чораларини кўрган. Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони, пойтахт мудофаасига раҳбарлик қилган генерал-полковник Олександр Сирский Россиянинг кенг кўламли босқинини тасаввур қиламаганини тан олади, аммо у эҳтимолий сценарийлардан бири сифатида шунга тайёрланган.

Сирский шаҳарнинг иккита мудофаа чизиғини ташкил этган — Киевни ўқлар ёмғирида қолдирмаслик учун шаҳар ичкарисида ва унинг атрофидаги ҳудудларда. Уруш бошланишига бир ҳафта борлигида украин ҳарбийларининг қўмондонлик пунктлари россиялик бостириб келиши мумкин бўлган йўналишларга кўчирилган, авиация эса Россия зарбалари учун яққол нишон бўладиган йирик базалардан олиб кетилган. Артиллерия ҳам шаҳар ташқарисидаги мудофаа позициясига ўтказилган, бу эса, Киев мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, уларни урушнинг илк соатларидаги зарбалар пайтида яксон бўлишдан асраган.

Шу билан бирга, The Washington Post мақоласида айтилишича,  Киев ҳимоячилари танк тузилмалари етишмовчилигидан азият чеккан. Сирский буни ўқув марказларидаги артиллерия қуроллари, жумладан советлар даврига мансуб «Пион» русумли ўзиюрар замбараклар ҳисобига компенсация қилишга уринган.

Шу каби чоралар Черниҳив областида ҳам кўрилган, бу ҳудуд орқали Россия Киевга шимоли-шарқдан юриш қилганди. Бу ерда 1-алоҳида танк бригадаси қўмондони полковник Леонид Хода босқиндан олдинроқ базалардаги ўқ-дорилар, ёнилғи ва қурол-аслаҳаларни олиб кетганди, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ҳудудлар бўйлаб тақсимлаб чиққанди.

The Washington Post нашри қайд этишича, Ғарб мамлакатлари украинларнинг урушга тайёргарлик кўриши жараёнидан етарли даражада хабардор қилинмаган, бу эса, журналистлар фикрича, Украина тажовузга қарши тура олишига ишончсизлик кузатилишига олиб келган. Шу билан бирга, украин расмийлари бундай шубҳалар туфайли Ғарб мамлакатлари уруш бошида зарур қуроллар етказиб беришда сусткашлик қилишига сабаб бўлишини тушунишган.