Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барселона»да йирик ғалаба, Бенземада ўзига хос бўлмаган гол. Кун ўйинлари
Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.
Испания: Левандовски Германиядаги каби ўйнамоқда, Бензема майдон ўйинчисига гол урди
Барселона – Вальядолид 4:0
Голлар: 1:0 – 24 Левандовски, 2:0 – 43 Педри, 3:0 – 64 Левандовски, 4:0 – 90+2 Сержи Роберто.
Барселона – тер Стеген, Кунде, Араухо (Сержи Роберто, 61), Эрик Гарсия, Бальде, Бускетс (Кессиэ, 76), Педри, Гави (де Йонг, 61), Левандовски, Дембеле (Ферран Торрес, 82), Рафинья (Фати, 61).
Вальядолид – Масип, Перес, Хоакин Фернандес, Санчес, Эскудеро, Санчес (Тони Вилья, 61), Ануар (Арройо, 76), Агуадо (Меса, 46), Мончу (Плано, 46), Кике Перес, Гвардиола (Леон, 61)
«Барселона» ниҳоят Кунденинг шартномасини рўйхатдан ўтказди ва француз ҳимоячиси дарҳол бошланғич таркибдан ўрин олди. Аммо у кўп тер тўкишига тўғри келмади, Левандовски эса «Камп Ноу» мезбонлар гол уролмаган қаторасига учинчи ўйин бўлмаслиги учун барча ишни қилди. Поляк ҳужумчиси аввалига дарвоза устунини кўзлади, кейин Дембеле учун қулай вазият яратди (унинг зарбаси ҳам устунга тегди), кейинги уринишда эса Рафиньянинг кроссини дарвозанинг олис бурчагига «михлаб қўйди».
Бу ўйинни трибунада Жоан Лапорта билан кузатган Роналдо назарий жиҳатдан бундай ворисдан хурсанд бўлиши мумкин эди, аммо бразилиялик ҳозирда «Вальядолид» президенти ҳисобланади. Лапорта эса кўзи ости кўкаргани билан эътибор тортди ва интернет «Барселона»нинг қарзига оид мемлар билан тўлди.
Майдонда эса Педри ҳисобни оширганидан кейин меҳмонларда ҳеч қандай имкон йўқлиги аён бўлди. Айниқса Дембеле юқори формадалигида, у шу куни йил бошидан буён берган голли узатмалари сонини 13 тага етказиб қўйди ва топ-5 турнирларида бу кўрсаткич бўйича Лео Мессидан ўзиб кетди. Унинг Левандовскига узатган иккинчи паси ҳужумчининг товон билан берган зарбаси орқали дарвоза тўрига йўл олди.
Учинчи голдан кейин кўк-анорранглилар маълум вақт хотиржамликка берилишди ва Кунде дарвозага кириб кетаётган тўпни тўхтатиб қолган ҳолда дастлабки олқишларга сазовор бўлди. Умуман олганда, майдондагиларнинг барчаси муносиб ҳаракат қилди. «Барса» сафида 50-голини ўтказган Гави ҳам, ўйинга якуний нуқтани қўйган Сержи Роберто ҳам. «Барса» тезлик олмоқда ва ўйиндан ўйинга кучлироқ бўлмоқда.
Левандовски қаторасига иккинчи ўйинда дубл қайд этди. Бунгача у «Сосьедад»га ҳам икки гол урганди (ўшанда жамоа 4:1 ҳисобида устун келганди). «Барса» форварди биринчи турда гол урмаган, ўшанда «Райо» билан ўйинда ҳисоб очилмаганди. «Вальядолид»га қарши дублдан кейин Роберт ла лига тўпурарлари рўйхатида пешқадам бўлиб олди. «Бетис» вакили Борха Иглесиас ҳам шунча гол урган (4), аммо унинг голларининг ярми пенальтидан урилган, Левандовски эса барча тўрт голни ўйиндан урди.

Эспаньол – Реал - 1:3
Голлар: 0:1 – 12 Винисиус Жуниор, 1:1 – 43 Хоселу, 1:2 –88 Бензема, 1:3 - 90+10 Бензема.
Эспаньол – Лекомт, Санчес, Хиль, Кабрера, Калеро, Оливан, Дардер, Экспосито, Винисиус Коста (Баре, 68), Дани Гомес, Хоселу, Пуадо (Меламед, 78).
Реал Мадрид – Куртуа, Рюдигер, Милитао, Алаба, Модрич (Камавинга, 58), Кроос (Себальос, 80), Тчуамени, Васкес (Карвахаль, 85), Вальверде (Родриго, 58), Бензема, Винисиус Жуниор.
Четлатиш: Лекомт, 90+8.
Шу куни Каталонияда ўзи учун энг қулай рақиблардан бирига қарши ўйнаган «Реал»дан навбатчи ғалаба кутилганди. Якшанба куни «Эспаньол» мадридликлар томонидан 106-бор мағлуб этилди ва бу ла лигада бир рақиб билан ўйинлардаги натижалар бўйича рекорд кўрсаткичдир. Бу ўйинда Тшуамени Каземирога муносиб ўринбосар эканини намойиш этди ва майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди ва вазиятлар ҳам яратди. Хусусан, ҳисобни очган Винисиус Жуниорни ажойиб пас билан таъминлади.
Аммо ҳисоб бундай осонлик билан очилиши алдамчи ҳиссиёт бўлиб чиқди. «Эспаньол» ҳам вазиятлар ярата бошлади ва биринчи бўлим сўнггида Хоселу қайтган тўпга аниқ зарба бериб, Куртуани доғда қолдирди. Агар иккинчи бўлим бошида бельгиялик посбон ушбу форвард билан яна бир дуэлни ўз фойдасига ҳал эта олмаганида, чемпионлар учун барчаси қайғули якунланиши ҳам мумкин эди. Бошқа томондан Лекомт ҳам «Эспаньол»ни қутқариб турди, Бенземанинг биринчи голи сантиметрлик офсайд туфайли бекор қилинди. Сардор, албатта бундан ранжиди, шу билан бирга иштиёқи ошиб, захирадан ўйинга қўшилган Родригунинг ажойиб узатмасидан кейин ҳал қилувчи голни урди.
Бенземанинг ўзи ўйинга нуқта қўювчи голни ҳам урди, у Мадриддаги фаолиятида илк бор жарима нуқтасидан аниқ зарба йўллади. Майдон ўйинчисига! Сўнгги дақиқаларда дарвозабон Лекомт жарима майдони ташқарисида қўполлик қилгани учун майдондан четлаштирилгач, уругвайлик Кабрера дарвозага турди, табиийки кучли ва аниқ йўлланган зарбага тўғаноқ бўлолмади. «Реал» ва «Бетис» — уч турни йўқотишларсиз давом эттирган жамоалар бўлиб қолмоқда, аммо Мадриднинг муваффақияти ишончлироқ, Карло Анчелотти жамоаси барча ўйинларни сафарда ўтказмоқда.

Англия: Ҳендерсоннинг омадли кепкаси

Шанба кунги қизғин ўйинлардан кейин («Ливерпул» 9:0 ҳисобида ютди, «Ман Сити» Ҳоланднинг ҳет-триги билан 0:2 ҳисобидан чиқиб кетди, «Челси» ва «Арсенал» ҳам характер кўрсатишди), «Тоттенҳэм» ҳам навбатдаги уч очкони қўлга киритди. Ҳисобни одатдагидек Кейн очди, у тўпни жарима майдони атрофида қабул қилиб олди, ҳеч нарсани ўйламасдан, уни ерлатиб дарвоза тўрига йўналтирди. Тўғри, кейинроқ Ҳарри билан деярли ақлбовар қилмас ҳолат содир бўлди.
2018 йил февралидан буён клуб учун 21 марта «нуқта»дан аниқ зарба берган, аммо бу сафар пенальтичилар кушандаси Ҳендерсоннинг қурбонига айланди. Англия чемпионатида жорий мавсумда дарвозабонлар томонидан қайтарилган тўртта 11 метрлик жарима зарбасидан иккитаси «ўрмончилар»нинг янги дарвозабони ҳиссасига тўғри келади. Ҳендерсон АПЛ ўйинларида жами беш пенальтидан учтасини қайтарган, унга кепкаси омад келтириши ҳақида ҳазиллар пайдо бўлган.
Кейн эса барибир ўйиндан навбатдаги голни урди, Ришарлисон ижросидаги «шведка» «шпорлар» етакчисига АПЛ тарихидаги тўпурарлар рўйхатида Энди Коулга (187 гол) етиб олиш имконини берди. Энди олдинда фақат икки футболчи бор — Алан Ширер (260) ва Уэйн Руни (206). Ғолиблар сафида фақат Сон Хин Мин хафа бўлди, у «Тоттенҳэм» сафига ўтганига етти йил бўлган куни гол урмасдан захирага олинди.

Италия: «Наполи» — етакчи
«Наполи» Флоренцияга турнир жадвалида яккапешқадам бўлиб олиш хаёллари билан ташриф буюрганди. Фақат «Фиорентина» ҳозирда анча рақобатбардош жамоа бўлиб кўринмоқда ва меҳмонлар ўйин бошиданоқ ҳимоя ҳақида қайғуришига тўғри келди. Жанубликлар биринчи бўлим ўрталарига келибгина ҳужумлар уюштира бошлади, аммо дастлабки турларда гол уриб келган Кварацхелия Лосанонинг узатмасини дарвоза тўрига жойлаб қўя олмади.
Умуман олганда, айтиш мумкинки, Хвичага бу ўйинда «Шахтёр»нинг собиқ ҳимоячиси Додога қарши ўйнаш осон кечмади. Аммо иккинчи бўлимда грузин футболчиси бразилияликни доғда қолдирди ва узоқ устун яқинига аъло даражада пас узатди. Лосано бу вазиятни қандай қилиб йўққа чиқаргани барчани ҳайрон қолдирди. Бу «Рубин» футболчиси иштирокидаги энг ёрқин вазият эди, Лучано Спаллетти уни иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмидан кейин алмаштириб юборди.
«Сассуоло» сафидан келиб қўшилган Распадори «Наполи»га ғалаба келтириши мумкин эди, унинг ерлатиб бурчакка йўналтирилган зарбасини Голлини қайтариб қолди. «Наполи» ўйиннинг сўнгги қисмини жуда кучли ўтказди, аммо қарши ҳужумларни тўхтатиш учун футболчилар сариқ карточка ишлашига тўғри келди. Якунда жанубликлар мавсумда илк бор очко йўқотишди, аммо қўшимча кўрсаткичлар эвазига барибир турнир жадвалида етакчи бўлиб олишди, «фиалки» эса тўққиз йил ичида илк бор стартдаги уч турни мағлубиятсиз ўтказа олди.
Франция: Санчеснинг бенефиси
Ўтган мавсумда «Ницца» ва «Марсел» ўйини катта Пайе фанатлар ҳужумига учраши билан бошланган жанжал туфайли тўхтатилганди. Бу сафар барчаси тинч ўтди, меҳмонларнинг биринчи бўлим бошидаги ёрқин ўйини интригани ўлдирди.
Милик «Ювентус»га сотилгач марселликлар ҳужумида муҳим фигурага айланган Алексис Санчес катта саҳнага чиқди ва дубл қайд этди. «Арсенал»дан ижарага олинган қанот ҳимоячиси Нуну Тавареш эса мавсум стартидаги тўрт ўйинда учинчи голини урди.
«Ницца» эса Кристоф Гальтье кетгач, инқирозни бошдан кечирмоқда. «Бургутлар» сафи ёзда Шмейхел, Рэмси ва Пепе билан тўлдирилди, аммо жамоа тўрт турда атиги икки очко жамғарган. Ҳозирча мухлислар фақат Конференциялар лигасида хурсанд қилинди, бу турнирда овертаймда ғалаба қозонилди.
Кун статистикаси
- Рульи «Вильярреал»нинг ла лигада мавсумни қаторасига учта қуруқ ўйин бошлаган 1-дарвозабони бўлди.
- Нидерландия чемпионатида ПСВ яримҳимоячиси Чави Симонс дастлабки уч ўйинда «гол+пас» тизимида 6 очко (4 гол ва 2 пас) жамғарди. Бу турнирда XXI асрда кузатилган энг ёрқин дебютдир.
- Антуан Комбуаре бошқарувида 27 ўйинда майдонга тушган «Нант» биринчи бўлиб гол ўтказа туриб 6 ғалабага эришди. «Канарейкалар» бунгача шунча миқдордаги иродали ғалабага эришиш учун ўн нафар бош мураббий билан 105 ўйин ўтказишига тўғри келганди.
- «Лион» ҳужумчиси Дембеле лига 1 турнирида қаторасига 8 турда гол урмоқда. Клубнинг бу борадаги рекордчиси Сонни Андерсона 2001 йилда қаторасига 11 ўйинни голсиз тарк этмаганди.
- 9:0 — «Селтик» тарихида сафар ўйинларидаги энг йирик ғалаба, якшанба куни «Данди Юнайтед» шундай ҳисобда тор-мор этилди.
- «Вулверҳэмптон» яримҳимоячиси Тиагу Невеснинг АПЛдаги 19 голидан (пенальтилар ҳисобга олинмаганда) 16 таси жарима майдони ташқарисидан урилган.
- «ПСЖ» футболчилари ўтган мавсум бошидан буён 27 бор тўпни дарвоза устуни ёки тўсинига теккизишган.