Ўзбекистон | 15:20 / 29.08.2022
8780
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропорти автотураргоҳида жойлар сони икки баробарга ортади

Uzbekistan Airports балансига Тошкент аэропорти халқаро авиақатновлар терминали атрофидаги олтита автотураргоҳ топширилган. 

Фото: Kun.uz

Uzbekistan Airports хабарига кўра, яқин вақт ичида ўртача 400 автомобилга мўлжалланган яна бир автотураргоҳ топширилиши кутилмоқда. Автотураргоҳларни реконструкция қилиш ва катталаштириш натижасида автомобиль турар жойлари умумий сони икки баробар ортади.

Аэропорт яқинидаги мавжуд автотураргоҳларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Учиб кетиш зали олдидаги автотураргоҳда автомобиль турар жойлари сони 214 тадан 333 тага оширилади. Ҳудуд соябон ва савдо нуқталарини олиб ташлаш, автобус ва таксилар учун кириш йўлакларини қайта қуриш ҳисобига кенгайтирилади. Учиб келиш зали олдида 175 ўринли янги автотураргоҳ яратилиб, 122 ўринли мавжуд автотураргоҳ реконструкция қилинди. Аэропорт атрофидаги ҳудуд янги лойиҳасига асосан автомобиль турар жойлари сони 187 фоизга — 336 тадан 630 тагача кўпайтирилди.

Учиш ва келиш заллари орасидаги автотураргоҳ реконструкция қилинмоқда ва у меҳмонхонага/меҳмонхонадан ташишни амалга оширувчи туристик автобуслар ва микроавтобуслар учун мўлжалланган. Чекка ҳудуддаги иккита автотураргоҳ ҳам келгусида реконструкция қилиниши режалаштирилмоқда. Яшил ҳудуддаги катта автотураргоҳ ҳозирда Uzbekistan Airports балансига ўтказилмоқда.

Барча автотураргоҳлар автоматлаштирилади, ҳозирда реконструкция қилиш доирасида керакли жиҳозлар ўрнатилмоқда. Аэровокзал атрофидаги ишларни жорий ҳафтада якунлаш режалаштирилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид