Ўзбекистон | 15:04 / 30.08.2022
6437
4 дақиқада ўқилади

Экоқўм Миллий боғдаги қуриб қолган ва шикаст етказилган дарахтлар бўйича маълумот берди

Қўмита мутахассислари билан ўрганишда бўлган агроном Атиргул Холмирзаевага кўра, ҳудуддаги кўплаб дарахтлар зудлик билан ёрдам кўрсатилмаган тақдирда тўлиқ йўқотилиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

29 август куни Kun.uz сайтида 5 йилдан кейин қайта очилган Миллий боғ ҳудудидаги кўплаб дарахтларнинг қуриб қолгани, яна айримларига қурилиш ишлари давомида шикаст етказилганига оид хабар эълон қилинган эди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳолат бўйича муносабат билдирди. Аммо қўмита хабарида шикаст етказилган ва қуриб қолган дарахтлар сонига аниқлик киритилмаган.

“Ҳолат Давлат экология қўмитаси раҳбарияти, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси масъуллари ва боғ маъмурияти иштирокида тузилган ишчи гуруҳ иштирокида жойига чиқиб ўрганилди.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон миллий боғида жуда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунинг натижасида ушбу боғ янада файзли ва тароватли кўриниш олди. Бу жараёнда суғориш тизими тўлиқ шакллантирилган ҳолда дарахт ва бута кўчатлари ҳам экилиб, яшил ҳудуд барпо қилинди.

Ўрганишлар давомида ҳудуддаги мавжуд дарахтлар хатловдан ўтказилганда уларнинг айримларига қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида қисман шикаст етказилганлиги аниқланди. Қўмита ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти ва Ботаника институти илмий ходимлари жалб этилиб, дарахтларни парвариш қилиш ишларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Айни пайтда Давлат экология қўмитаси ходимлари томонидан ҳудуддаги қисман шикастланган дарахтларни агротехник тадбирлар асосида парваришлаш ишлари давом эттирилмоқда.  

Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз”, – дейилади Экоқўм Telegram-каналида берилган хабарда.

Kun.uz мухбири ўрганиш натижалари бўйича тўлиқроқ маълумот олиш учун жараёнда қатнашган агроном Атиргул Холмирзаева билан ҳам боғланди.

Агорономга кўра, боғ таъмирга олинган йиллардаги қаровсизлик ва сувсизлик сабаб қуриб қолаёзган дарахтларни сақлаб қолишга ҳали умид бор. Бунинг учун уларга зудлик билан керакли ишлов ва озуқаларни бериш зарур.

“Аввало Миллий боғнинг қайта очилганидан хурсандман. Кўп йил қаровсиз ётган боғни анча чиройли ҳолатга келтиришибди. Аммо кўряпсиз, ҳудуднинг катта қисмига асфальт тўшалган. Энди бу ерда керакли ҳароратни таъминлаш учун катта ва баланд бўйли дарахтлар керак.

Бу ердаги кўп йиллик дарахтлар сувсизлик, қаровсизликдан чарчаган. Ҳозир бу дарахтларни сақлаб қолиш учун қуриб қолган қисмларини қирқиб ташлаб, томиридан озуқа бериш керак. Шунда улар ўзини тиклаши мумкин. Бу тадбирлар зудлик билан қилинмаса, биз ўнлаб кўп йиллик дарахтларни йўқотамиз.

Миллий боғда шунингдек, тез ўсадиган ва тез соя берадиган дарахтлар экишни кўпайтириш зарур.

Сиз балки билмассиз, биз биламиз, бу ер бир пайтлар дарахтлар билан  қалин қопланган боғ эди. Боғ қайта очилди, лекин бизга кўпроқ дарахтлар керак. Билишимча, ўтган вақт давомида боғдаги 50 фоиз дарахт йўқотилган”, – деди Холмирзаева.

Мавзуга оид