Ҳар куни эрталаб Миллий боғ яшил нимчали аёллар билан тўлади. Тошкентнинг турли туманларидан 50 дан 90 ёшгача бўлган аёллар бу ерга бадантарбия қилиш учун келади. Улар орасида педагогика фанлари доктори, Алифбе китоби муаллифларидан бири Қумри Абдуллаева ҳам бор. Kun.uz “спортчи” аёлларга микрофон тутди. 

Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий боғга 2011 йилдан бери ёши 50 дан ошган аёллар бадантарбия учун чиқади. Гуруҳ "Эъзозли аёллар" деб аталиб, Хотин-қизлар қўмитаси ташаббусига кўра Шайхонтоҳур туманидаги Янгиобод маҳалласи аёллари билан ташкил қилинган. Гуруҳ аъзолари бир неча йиллардан бери гимнастрада мусобақаларида қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келади. Бу машғулотлар уларга қандай фойда берганини аёлларнинг ўзлари гапириб берди.

Бу ерда 90 ёшгача бўлган аёллар ҳам бор. Масалан, Қумри Абдуллаева, 90 ёшда. У Алифбе китоби муаллифларидан бири ва педагогика фанлари доктори, профессор. Қумри ая 90 ёшда ҳар эрталаб вақтли уйғониб, бадантарбия қилиш учун куч топиб, Миллий боғга келади.

"Қишин-ёзин, хоҳ қор, хоҳ ёмғир бўлсин, бизга фарқи йўқ 15 йилдан бери ҳар куни келамиз. Машқ қилсам, ўзимни енгил ҳис қиламан, ортиқча юк бўлмайди, кайфият яхши бўлади. Ҳар куни бу ердаги аёллар билан кўришамиз, дийдорлашамиз", – дейди у.

Кекса онахонлардан яна бири – 82 ёшли Озода Шукурова. У ёшлигида мусиқа асбоблари ишлаб чиқариладиган фабрикада дутор косасини ясаган. 3 нафар фарзанди бор. Бир ўғли Америкада яшайди.

"Яқинда Америкага бориб келдим, саёҳат қилиб. 40 кун туриб келдим. Кўкаламзор, ўрмонзор жой, ҳавоси жуда яхши экан. Лекин Ўзбекистонни соғиндим, у ерда дугоналарим билан ҳар куни эрталаб машқ қилишга чиқардим, дедим болаларимга", – дейди Озода Шукурова.

76 ёшли Равшаной Йўлдошева "Эъзозли аёллар" гимнастрада гуруҳи асосчиларидан бўлиб, 5 нафар фарзанди, 14 невара, эвараси бор. У шу гуруҳнинг илк ташкилотчиларидан.