Михаил Горбачёв совуқ урушни тугатиш учун ҳаммадан кўпроқ ҳаракат қилган инсон сифатида дунё бўйлаб чуқур ҳурмат қозонди. Аммо собиқ совет иттифоқи ҳудудида кўплар уни умрининг охиригача мамлакат парчаланишида айблади.

1985 йилда, Горбачёв КПСС (Совет иттифоқи коммунистик партияси) Марказий қўмитаси бош котиби лавозимини эгаллаганида, ўзининг 54 ёшида у сиёсий бюронинг энг ёш аъзоси эди ва унгача мамлакатни бошқариб келган бошқа қариб қартайиб қолган аппаратчилар фонида алоҳида ажралиб турарди.

Леонид Брежнев, Юрий Андропов ва Константин Черненконинг 20 йиллик бошқаруви даврида советлар иттифоқи чуқур турғунликка юз тутганди.

1970-йилларда нефт доллари оқими кириб келиши совет халқига камтаргина бўлса-да, аввал мисли кўрилмаган фаровонлик тақдим этганди. Аммо режали иқтисодиётнинг тизимли муаммолари ҳал этилмаганди.

Пасайиш ва парчаланиш

Совет иқтисодиёти сариёғ ўрнига замбараклар ишлаб чиқарарди. Истеъмол товарлари, жумладан, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги советлар иттифоқида кундалик турмуш тарзини заҳарлаб, одамларни жуда кўп вақтини навбатларда туришга сарфлашга мажбур қиларди.

80-йиллар бошида жаҳон бозорида нефт нархи қулаши ресурс талаб этадиган, рентабеллик билан ишламайдиган корхоналар фаолиятини сақлаб қолишни қийинлаштиради. Бу вақтда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирганди ва у ерда тез орада қонли партизан уруши ботқоғига кириб қолганди, бу урушнинг охири кўринмасди.

Уруш, халқаро изоляция, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ўн йилликларда рўёбга чиқмаган коммунистик мўл-кўлчилик ваъдалари - буларнинг бари совет одамларининг ҳукуматга ишончига путур етказди. Бундай ишончсизлик турли кўринишларда намоён бўлди: алкоголизм, давлат мулкини ўғирлаш ва режимга бўйсунмаслик бўйича тобора жасоратли ҳаракатлар.

Горбачёвнинг бош котибликдаги ўтмишдошларидан бири Юрий Андропов гайкаларни қаттиқроқ бураш орқали тизимни сақлаб қолишга уриниб кўрганди: ишлаб чиқариш интизомини кучайтириш (милиция кун бўйи заруратсиз иш жойида бўлмаганларни рейд қиларди), коррупционер бюрократларнинг алоҳида кланлари устидан очиқ суд жараёнлари, диссидентларни таъқиб қилиш.

Аммо Андропов олий лавозимда атиги 15 ойга яқин ўтириб, вафот этди - шундан амалда 10 ойга яқинида ишлади. Унинг ўрнига келган Константин Черненко ҳам аллақачон мункиллаб қолганди ва касал эди - у Андроповдан кўра кўпроқ яшай олмади ва тарихда фуқаролар деярли танимаган раҳбар сифатида қолди.