Салкам 70 йил дунёнинг иккинчи қутби бўлиб келган СССРнинг парчаланиши – ХХ аср дунё тарихидаги энг катта воқеалардан бири. Ўн йиллар давомида етилиб келган муаммолар туфайли қулаши муқаррар бўлиб қолган империянинг қон тўкишларсиз, тинч тарзда тарқалишига йўл қўйиб берган шахс – мамлакатнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв эди.

Умуман олганда, зўравонлик ва инсон эркини чеклашга қаратилган тоталитар тартиб ҳукмронлик қилган давлатларнинг ҳеч бири узоқ яшамаган. СССР ҳам бундан мустасно бўлмади. Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал СССРнинг қулаши билан доим бирга ёдга олинадиган шахс – совет иттифоқининг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв ҳамда зулм империясининг парчаланиш сабаблари ҳақида ҳикоя қилади.

КГБ раҳбарининг “ишончли одами”

Михаил Сергеевич Горбачёв 1931 йилда Ставропол ўлкасида туғилган. Отаси машина-трактор станциясида ишлаган, онаси эса колхоз ишчиси эди.

Унинг оиласи ҳам Сталиннинг “Катта террори”дан четда қолмаган: она томонидан бобоси 1937 йилда троцкизм учун ҳибсга олинган. Аммо айблов шунчалик ноҳақ бўлганки, бир йил ўтиб уни қўйиб юборишга мажбур бўлишади. Кейинчалик, Горбачёв бобоси билан содир бўлган бу воқеа совет тузумига бўлган қарашлари ўзгаришига таъсир қилганини айтган.

Ёш Михаил мактаб даврида комбайнчининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Уни 18 ёшида “Меҳнат” қизил байроқ ордени билан ҳам тақдирлашади.

1950 йилда Горбачёв Ломоносов номидаги Москва давлат университетига ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича ўқишга киради, 1952 йилда эса Коммунистик партияга аъзо бўлади. Юридик факултетни тамомлаганидан кейин бироз вақт Ставропол ўлкаси прокуратурасида ишлайди, кейин маҳаллий комсомол ташкилотларига ўтади ва у ерда ўз карерасини қуришни бошлайди. 1962 йилга келиб ўлка комсомоли раҳбарига айланади.

Михаил Горбачёв, 1950 йиллар. Фото: Уилям Таубманнинг “Горбачёв ва унинг ҳаёти” китобидан

Партия иерархиясида изчиллик билан юқорилаб, 1966 йилда 35 ёшли Горбачёв КПССнинг Ставропол ўлкаси қўмитаси биринчи котиби бўлади, 1971 йилдан эса Марказий қўмита аъзосига айланади.

Ставропол ўлкаси ҳудудида Кавказ минерал сувлари санаторияси жойлашганди ва бу ерга сиёсий бюронинг кексайган аъзолари соғлигини тиклаш учун тез-тез келиб туришарди. Москвадан келадиган ҳурматли меҳмонларни кутиб олиш ва уларга қулайликлар яратиш давомида Михаил зарур алоқалар ўрнатади. Горбачёв шахсан КГБнинг қудратли раҳбари Юрий Андроповнинг ишончи ва кўмагини ҳис қилиб турганини қайд этган.